Ўзбекистон 2020 йилнинг июль ойида 11,6 тонна олтин экспорт қилиб, дунё мамлакатлари орасида олтин сотиш бўйича мутлақ етакчига айланди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: The Street

Кенгаш маълумотларига кўра, Ўзбекистон июль ойида 11,6 тонна олтин сотди, шу билан олтиннинг республика экспортидаги улуши 39,8 фоизга етди.

Иккинчи ўринни Мўғулистон 6,1 тонна билан эгаллаган. Россия ва Германиянинг ҳар бири 0,5 тоннадан олтин экспорт қилган.

Олтин харид қилиш бўйича сўнгги ойлардаги каби Туркия биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон олтин кенгашининг тахминларига кўра, Туркия 19,4 тонна олтин харид қилган. Қатарнинг олтин захираси 3,1 тоннага, Ҳиндистонда 2,8 тоннага, Қозоғистонда 1,9 тоннага, Украинада эса 0,3 тоннага кўпайганлиги маълум қилинган.

Июль ойида жаҳон бозорида бир грамм олтиннинг ўртача нархи 58 долларни ташкил этган. Бугунги кунда олтиннинг бозордаги нархи деярли 62 долларни ташкил қилмоқда.

Август ойининг бошида бир унсияси (1 унсия 28,35 граммга тенг) олтин нархи тарихий рекорд даражада кўтарилиб, 2000 доллардан ошган эди. Ўшанда капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров олтин-валюта захирасини сотиб, маблағларни мамлакат иқтисодиётини қутқаришга ва ишсизлар сони ортишининг олдини олишга йўналтириш мумкинлигини айтган.

Беш йилдан буён Ўзбекистонда олтин экспорти ўсиб келмоқда. Масалан, олтин экспорти 2015 йилда 823,9 миллион долларни, 2016 йилда 738,2 миллион долларни, 2017 йилда 1,6 миллиард долларни, 2018 йилда эса 3,4 миллиард долларни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистон жаҳон бозорида олтин нархининг ошишидан фойда кўргани ҳақида хабар берилганди.