Фарғонада ўзининг бир ёшли фарзандини 1,5 минг долларга сотмоқчи бўлган 24 ёшли Г.С. исмли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Маълумотларга кўра, аёл келишилган пулнинг 500 долларни олаётганида ИИО ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ушланган. Кимёвий ишлов берилган пуллар Г.С.дан ашёвий далиллар сифатида олинган.
Фарғона ИИО ФМБ Тергов бўлими мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-модда 3-қисми «а» банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида бир ойлик чақалоқни 18 минг долларга сотмоқчи бўлган аёллар қўлга олинганди. Навоийда эса 23 кунлик чақалоғини 3 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёлга жиноий иш очилган. 14 июль куни Сурхондарёда фарзандини қонуний йўл билан бошқа аёлга беришдан бош тортиб, уни сотмоқчи бўлган аёл ушланган.
Изоҳ (0)