Ўзбекистонда 2021—2023 йилларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ҳудудларида эскириб қолган уй-жой фондини таъмирлаш ва янгилаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан авария ҳолатидаги кўп квартирали уй-жой фонди хатловдан ўтказилган.
Кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш ва янгилаш мақсадида 2021—2022 йилларда эскирган кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича реновация дастури, 2021—2023 йилларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича реновация дастури тасдиқланиши кутилмоқда.
Қарор лойиҳасига кўра, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси дастурлар доирасида бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тендер савдолари орқали аниқлайди.
Дастурларни амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар молиялаштириш манбалари этиб белгиланади.
Изоҳ (0)