Андижон вилояти Булоқбоши туманида танишига у хотини билан қонуний равишда ажрашмаганига қарамай, шаръий никоҳ ўқиб қўйган фуқарога туман маъмурий суди томонидан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида хабар берилган.
2020 йил 15 август куни Булоқбоши тумани «Хонтепа» МФЙда И.А. таниши И.Т.нинг О.А. билан шаръий никоҳини ўқиб қўйган.
И.Т. танишига олти ойдан бери турмуш ўртоғисиз ёлғиз яшаётгани, ярашиш учун хотинининг олдига борганида унга рад жавоби берилганини айтган. И.Т.нинг биринчи хотини Д.Т. (улар 2009 йилда турмуш қурган, икки нафар қиз фарзанди бор) шаръий никоҳ ўқилганидан хабар топгач, ички ишлар органларига шикоят қилган.
Судда И.А.га шаръий никоҳ ўқиб қўйиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисми диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузгани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Андижон вилояти Булоқбоши туманида ноқонуний тарзда шаръий никоҳ ўқиб қўйиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган. Жумладан, май ойида Булоқбоши туманида ўғлига шаръий никоҳ ўқиган ота 7 суткага қамалган, шунингдек июнда Булоқбоши туманида яшовчи Аббос Солиев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўғли Аҳрор Солиевга яширинча шаръий никоҳ ўқиганлиги учун уч сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)