Тожикистоннинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмоннинг номзоди президентлик сайловига Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари федерацияси томонидан илгари сурилди. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.
Душанбе шаҳрида 26 август куни Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари федерациясининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтган. Қурултойда мамлакатнинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмон президентлик сайловига номзод сифатида илгари сурилган.
Шу тариқа, ҳозирга қадар президентлик сайловига Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари федерацияси ҳамда еттита сиёсий партиядан тўрттаси ўз номзодларини илгари сурган.
Аграр партиядан партия раҳбари Рустам Латифзоданинг номзоди илгари сурилган. Социалистик партия ўз раиси Абдуҳалим Ғаффоровнинг номзодини таклиф қилган. Тожикистон Демократик партияси ва Иқтисодий ислоҳотлар партияси ҳам ўз етакчилари Саиджафар Усмонзода ва Рустам Раҳматзода (Қудратов) номзодларни илгари сурган.
Сентябрь ойининг бошида ўз сайловолди қурултойларида Тожикистон Коммунистик партияси ва ҳукмрон Халқ-Демократик партияси ўз номзодларини маълум қилади.
Тожикистон Социал-демократик партияси етакчиси Раҳматилло Зойиров мамлакат президентлигига ўз номзодини қўймасликка қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз Тожикистонда президентлик сайлови 11 октябрь куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2013 йил 6 ноябрда бўлиб ўтган аввалги президентлик сайловида Эмомали Раҳмон сайловчиларнинг 83,6 фоиз овозини тўплаб, мамлакат президентлигига қайта сайланган. Демократик партия номзоди Саиджафар Усмонзода ва Социалистик партия номзоди Абдуҳалим Ғаффоров ҳам 2013 йилги сайловда президентлик учун курашган.
Изоҳ (0)