Қарши шаҳар туғруқ комплексида уч нафар эгизак дунёга келди. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамовнинг айтишича, чақалоқлар 19 август, чоршанба куни туғилган.
Чақалоқларнинг ота-онаси Бунёд Аралов ҳамда Дурдона Бобоқулова 2019 йил июнь ойида турмуш қурган бўлиб, эгизаклар оиланинг биринчи фарзандлари.
Туғруқхона бош шифокори Салима Очилованинг маълум қилишича, эгизакларнинг бири ўғил, иккиси қиз.
«Ўғил фарзанд 2 кг 900, қизлар эса 2 кг 650, 2 кг 600 вазн билан туғилди. Ҳозирда уларнинг аҳволи жудаям яхши», — дейди Салима Очилова.
Таъкидланишича, эгизакларнинг онаси 25 ёшли Дурдона Бобоқулова 2019 йил Қарши давлат университетини тамомлаган. Отаси Бунёд Аралов эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 4-босқичида таҳсил олади.
«Кеча соат 11 да янгиликни эшитиб, хурсанд бўлгандим. Яратган бизга эгизак фарзанд ато этди. Яхши ният билан фарзандларимга Фотима, Ҳасан ва Зуҳра деб исм қўйдик», — дейди Бунёд Аралов.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, ушбу хушхабарга вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ҳам эътибор қаратган.
«Синглимизга оналик бахти муборак бўлсин. Уч эгизак фарзандни катта қилиш осон эмас, албатта. Ҳар қандай ёрдамга тайёрман. Эртагаёқ эгизаклар учун аталган совғамни жўнатаман. Шунингдек, қонун доирасидаги барча моддий ёрдамларни олишини ҳам ўз назоратимга оламан», — деган вилоят раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил апрель ойида ҳам онаси туғруқхонага вертолётда етиб олган деҳқонободлик чақалоққа вилоят ҳокимининг махсус совғаси топширилганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)