Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги байрамида мамлакатда катта йиғин ва сайиллар ўтказилмайди, байрам оила даврасида нишонланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллик байрами масаласида шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда шундай хулосага келиндики, пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ушбу санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистонга коронавирус кириб келгани сабабли Наврўз тантаналари ва у билан боғлиқ бошқа оммавий маросимлар ҳам бекор қилинганди Шунингдек, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити ҳам жамоат намозларисиз ўтказилди.
Изоҳ (0)