Stunter Jonny тахаллуси остида танилган британиялик 28 ёшли каскадёр ва стант-райдер Жонни Дэвис мотоцикл орқа ғилдирагида ҳаракатланиш бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатди. Трюкнинг ўзига хослиги — ҳайдовчи мотоциклнинг ўриндиғига эмас, балки ёқилғи бакига ўтириб, оёқларини рулнинг олдига ўтқазиб ҳайдаган, деб хабар беради Motor.
Рекорд Шимолий Ёркшир графлигидаги Элвингтон собиқ аэродромида ўтказилган Motorcycle Wheelie World Championship тадбири доирасида ўрнатилган. Дэвис фойдаланган усул стант-райдинг оламига тегишли — махсус тайёрланиб, модификацияга учраган мотоциклларда трюк бажариш. Уни бажаришда райдер ёқилғи бакига ўтириб, оёғини рул устига осилтириб олади. Ўз навбатида оғирлик ғилдиракларга тақсимлангани сабаб бу бошқарувга ўз таъсирини кўрсатади.
Дэвис соатига 175,7 километр тезлик билан камида 200 метр масофани босиб ўтишга муваффақ бўлган. Райдер ушбу хавфли трюкни Suzuki GSX-R1000 R3 спортбайкида амалга оширган.
Бундан олдинги рекорд 2008 йилда Энда Райт томонидан ўрнатилган (173 км/соат), бироқ Дэвиснинг натижаси ҳозирча Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмаган. Райдер ўз натижасини янада яхшилашига ишонмоқда — машғулотларда у худди шу трюкни соатига 196 километр тезликда бажаришга эришган.
Изоҳ (0)