Тожикистон аҳолиси 2023 йилга келиб 10 миллион 129 минг кишини ташкил қилади. Бу ҳақда 2020 йилнинг июль ойи охирида республика ҳукумати томонидан тасдиқланган 2021–2023 йилларга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозида маълум қилинган, дея хабар бермоқда Asia-Plus.
Таъкидланишича, 2020 йил бошида республикада 9 миллион 452 мингдан ортиқ киши истиқомат қилиши аниқланган. Келгуси йил бошига келиб мамлакатнинг доимий аҳолиси сони 9 миллион 688 минг кишига етиши ва аҳолининг ўсиши 2,5 фоизни ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.
Прогнозларга кўра, республикада 2022 йилга келиб 9 миллион 931 минг киши, 2023 йилга келиб эса 10 миллион 129 минг киши истиқомат қилади. Шунингдек, маълум қилинишича, 2019 йили 2018 йилга нисбатан аҳолининг ўсиши 2,2 фоизни ташкил этган.
Мамлакатда энг кўп фуқаро Хатлон вилоятида истиқомат қилади. Вилоятда 3 328 000 киши рўйхатдан ўтган.
Изоҳ (0)