«Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида Ўзбекистон вакилларининг 2020—2021 йилларда Япония етакчи университетлари магистратураси ва докторантурасида ўқиши учун Япония ҳукумати томонидан 263 миллион япон иенаси (2,48 миллион АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида грант ажратилган.
Грантлар асосида ўқиш учун (магистратурада 18 нафар ва докторантурада 1 нафар) талабгорлар давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида меҳнат қилаётганлар орасидан танлаб олинади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш доирасида грант олиш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни расмийлаштириш юклатилди.
Маълумот учун, JICAнинг «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш лойиҳаси» доирасида ўтган 2 йил давомида 34 нафар Ўзбекистон вакили Япониянинг етакчи университетларига ўқишга юборилди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)