Турли касалликлар ва мавсумга хос авитаминоз, яъни организмда витамин етишмаслиги кузатиладиган куз фасли ҳам эшик қоқиб турган бир вақтда саломатлик билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш керак. Инсон организми ва соғлиғи учун муҳим роль ўйнайдиган витаминларнинг етишмаслиги турли хасталикларга сабаб бўлади. Унинг олдини олиш учун эса мутахассис кўрсатмаларига амал қилиш зарур ҳисобланади. Harper’s Bazaar нашри ёздан кейин тана ва руҳият тетиклигини сақлаш учун нималарга амал қилиш кераклиги ҳақида шифокор-терапевт Екатерина Серебрякова тавсиялари билан бўлишди.

Фото: Good Fon

Аллергологга мурожаат қилинг

Кунлар исиши билан аллергик касаллик кузатиладиган инсонлар куз фаслининг илк ойида ҳаво ҳарорати юқори, табиатга хос аллергенлар мўл бўлиши, гул ва ўсимликлар очилиб чангланишда, истеъмолидан кейин қичиш ва қизаришлар кузатиладиган мевалар пишишда чаққанидан кейин аллергик реакция келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳашаротлар фаол эканини инобатга олиши лозим. Бундан ташқари ҳавода аллергик реакцияни қўзғатадиган моғор замбуруғи бўлишини ҳам унутмаслик керак. Агар ушбу фаслда сизда аллергияга хос аломатлар, белгилар кузатиладиган бўлса, уларга бефарқ бўлиш, ўзини ўзи даволаш билан чекланиш тавсия қилинмайди. Чунки ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) билан аллергиянинг симптомлари бир-бирига ўхшаб кетади ва аниқ ташхисни билмаган одам янглишиб нотўғри даво қўллаши ва бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳам аллергологга мурожаат қилинг ва кўрсатмаларга асосан даволаш чораларини олиб боринг.

Эмланиш 

Касалликларга қарши эмланиш керак ёки керакмаслиги ҳақида турли баҳсли қарашлар мавжуд бўлишига қарамай, агар сиз эмлашга нисбатан ижобий муносабатда бўлсангиз, шифокорлар ушбу муолажани неча ёш бўлишингиздан қатъи назар, кузда амалга оширишни тавсия қилади. Айниқса, қиш келиши билан пневмокок инфекция ва грипп касалликлари кўп учраши, уларга қарши эмлангандан кейин организмда патоген (касаллик қўзғатувчиси)га қарши иммунитет ҳосил бўлиши учун вақт кераклиги боис ҳам ушбу фаслда эмланиш мақсадга мувофиқ.

Психотерапевт қабулига ёзилинг

Куз келиши билан кунларнинг қисқариши инсон кайфияти ва организмига таъсир этмай қолмайди. Босим, ҳаво ҳарорати ҳамда иқлимдаги ўзгаришлар руҳий тушкунликка олиб келиши, биологик ритм ва гормонал ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Кунлар совиши билан кайфиятингиз ҳамда ўзингизни ҳис қилишингиз ёмонлаша бошлаши кузатилса, психотерапевт қабулига ёзилинг.

Невролог тавсияларига амал қилинг

Ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши билан юрак-қон томир касалликларидан азият чекадиганларда бош оғриғи, ҳолсизлик, сурункали чарчоқ ва қон босими билан боғлиқ муаммолар кузатилиши мумкин. Шу каби симптомлар сизда кузатиладиган бўлса, аниқ ташхис ва индивидуал даво учун неврологга мурожаат қилинг. Уқалаш, спорт билан шуғулланиш ва дори воситаларини қабул қилиш мавсумга хос соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиши мумкин.

Қайси шифокорга биринчи борган маъқул?

Агар сиз шифокорлардан қай бирига биринчи бўлиб мурожаат қилиш ҳақида бош қотираётган бўлсангиз, яхшиси терапевтга учранг. Умумий текширувлар ўтказилганидан кейин терапевтнинг ўзи қайси шифокор қабулига ёзилиш кераклигини ма’​лум қилади. Асосийси, ўзбошимча ташхис қўйиш ва билиб-билмас даволанишдан қочинг. Соғлиғингизга бефарқ бўлманг.