Ўзбекистонда истеъмолчилар учун электр энергияси тарифлари оширилмайди. Бу ҳақда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг 29 июлдаги 5-сонли йиғилиши қарорига асосан 14 августидан эътиборан электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш бўйича электренергетика соҳаси корхоналари ўртасида янги тарифлар жорий этилиши белгиланган.
Ушбу тарифларнинг амалиётга татбиқ этилиши, соҳавий муассасалар ўртасидаги молия-иқтисод муносабатларига дахлдор бўлиб, оқибатда электр энергиясининг истеъмолчиларга етказиб бериш тарифларига таъсир кўрсатмайди, яъни нархларнинг ошишига сабаб бўлмайди.
Аввалроқ Тожикистон электр энергияси импорти ҳажмини кескин қисқартиши сабаб Ўзбекистонда электр таъминоти тизимига чекловлар киритилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни муддатидан олдин тўхтатгани, ўз навбатида Ўзбекистон Туркманистондан электр энергияси импорт ҳажмини оширгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)