Тошкентда 52 ёшли коронавирусга чалинган эркак ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Вазирлик ахборотига кўра Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшаган 52 ёшли О.Т. да 19 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва Зангиота туманидаги Республика ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида тиббиёт мутахссислари томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Беморнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобига кўра, О.Т. исмли эркак коронавируснинг 127-қурбонига айланди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, инфекция асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 133 нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳ (0)