«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
00:19, 24.07.2020 112579

Ўзбекистонда 23 июль куни 489 кишида коронавирус аниқланди. Икки эркак ва икки аёл вафот этди

Ўзбекистонда 22 июль соат 23:30 дан 23 июль соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 489 та ҳолат қайд этилди. Икки кундан буён касалланиш ҳолати 500 га етмаяпти ва пасайишда давом этмоқда. Бир кун олдин 498 кишида коронавирус аниқланганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 868 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 54 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
  • 435 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 198 нафар, Сурхондарё вилоятида — 84 нафар, Қашқадарё вилоятида — 34 нафар, Самарқанд вилоятида — 34 нафар, Бухоро вилоятида — 19 нафар, Наманган вилоятида — 16 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 15 нафар, Андижон вилоятида — 15 нафар, Фарғона вилоятида — 13 нафар, Тошкент вилоятида — 7 нафар) аниқланган.

Кун давомида 10 та ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари кузатилди. Навоий, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилмади.

Тошкент шаҳрида 198 кишида коронавирус қайд этилди. Тошкентда 11 июль куни 50 кишида касаллик аниқланганидан сўнг пойтахтда янги касалланиш ҳолатлари бирон кун ҳам 100 тадан кам бўлмади. Жорий ҳафтанинг ортда қолган 4 кунида Тошкент шаҳрида 1024 кишида касаллик аниқланди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 12 тасида эпидемия мавсуми бошлангандан буён коронавирусга чалинганлар сони 900 тага ҳам етмаган.

Сурхондарё вилоятида 84 кишида коронавирус аниқланди. Бу натижа вилоят учун антирекорд ҳисобланади. Бунгача 3 июль куни Сурхондарёда 69 кишида инфекция қайд этилиши энг катта кўрсаткич бўлиб турганди. Сурхондарё касалланганлар сони бўйича Навоий ва Сирдарё вилоятларидан ўтиб кетди. Ҳозирда Сурхондарё вилояти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан сўнг ўлим ҳолатлари бўйича учинчи ўринда турибди. Вилоятда ҳозирга қадар 6 киши касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида карантин талаблари кучайтирилди ва 23 июлдан бошлаб номаълум муддатгача:

Фаолият туридан қатъи назар барча тадбиркорлик субъектлари, савдо дўконлари (озиқ-овқат ва дори-дармон савдоси бундан мустасно) кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, дискотека, бар, спа ва массаж салонлар, караоке, билярд заллари, калян марказлари, ресторанлар, реклама ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунча тўхтатилди.

Шунингдек, автотранспорт воситалари кириши ҳамда йўналишсиз таксилар ҳаракати тўлиқ тўхтатилди. Вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам айни вақтда коронавирусдан Тошкентда даволанмоқда. Унинг касаллангани бир неча кун яширилганди.

Қашқадарё вилоятида 34 кишида касаллик аниқланди. Июль ойида Қашқадарёда 299 та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу вилоятдаги жами касалланганларнинг 60 фоизига тенгдир.

Самарқанд вилоятида ҳам 34 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда июль ойининг ўзида 329 кишида касаллик қайд этилди. Бу Қорақалпоғистондаги жами касалланиш ҳолатларидан ҳам кўпроқ деганидир.

Бухоро вилоятида 19 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда июль ойида коронавирусга чалинганлар сони 178 кишига кўпайди. Бу Бухородаги жами касалланиш ҳолатларининг 25 фоизидир. Ҳозирда Бухорода коронавирусга чалинганлар сони 699 нафарга етди.

Наманган вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 16 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 12 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Ҳозирда фақат Тошкент шаҳригина бундан узунроқ серияга эга, пойтахтда июнь ва июль ойларида коронавирус аниқланмаган кун бўлмади. Наманганда ҳозирда касалланганлар сони 616 нафарга етди, ушбу ҳолатларнинг ярмидан ортиғи, аниқроғи 318 та ҳолат июль ойига тўғри келди.

Қорақалпоғистон Республикасида 15 кишида коронавирус аниқланди. Республикада касалланганларнинг умумий сони 324 нафарга етди. Ушбу ҳолатларнинг ярмидан ортиғи — 173 та ҳолат июль ойида содир бўлди. Қорақалпоғистонда касалликка чалинганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ҳам бор.

Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 15 та ҳолат аниқланди. Вилоятда 17 июлдан бери ҳар куни касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳозирда Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 869 нафарга етди. Ушбу ҳолатларнинг 660 таси июль ойида қайд этилди. Вилоят касаллик аниқланганлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятидан кейинги ўринда турибди.

Фарғона вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 13 кишига кўпайди. Вилоятга 6 июлда коронавирус қайтганидан сўнг бирон марта кунлик янги касалланиш ҳолатлари 10 тага етмаётганди. Фарғона вилоятида июль ойида 40 кишида коронавирус аниқланди. Июлда бундан ҳам кам касалланиш ҳолати фақат Хоразмда кузатилган — 25 киши.

Тошкент вилоятида 7 кишида касаллик аниқланди17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлади. Ўша куни вилоятда биронтаям янги ҳолат аниқланмаганди, 18 июль куни 22 кишида, 19 июлда 31 кишида, 20 июлда 4 кишида, 21 июлда 15 кишида коронавирус қайд этилди. Ҳозир Тошкент вилояти касалланганлар сони (1757 нафар) бўйича Тошкент шаҳридан кейин иккинчи ўринда турибди. Учинчи поғонадаги Андижон вилоятида Тошкент вилоятидаги касалланиш ҳолатларининг ярми ҳам қайд этилмаган.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ кун давомида Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қашқадарё вилоятида 1 нафар, жами 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 55 ёшли Р.Ш. исмли эркакда 19 июль куни коронавирус тасдиқланган ва у Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ҳамда гипертония, семизлик 3-даража каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 82 ёшли М.К. исмли аёлда 18 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва умумий аҳволи оғирлиги сабабли Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шиши, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, семизликнинг 2-даражаси, паркинсонизм касаллиги, подагра каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шишидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 54 ёшли С.Г. исмли аёлда 17 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, сепсис, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшаган 64 ёшли А.А. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, у вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, сепсис, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 102 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус чалингач вафот этганлар сони 107 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ҳакимбай Халимов 66 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ушбу ҳолатлар ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди.

Шунингдек, 23 июль куни АОКА штабида ташкил қилинган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков Қорақалпоғистонда икки нафар машҳур шифокорларнинг коронавирусдан вафот этгани ҳақидаги хабар нима учун яшириб келинаётгани хусусида берилган саволга жавоб қайтарди.

«Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ўтган ҳафтада Қорақалпоғистонда икки нафар тиббиёт ходими коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган. Уларнинг бири шифокор ва яна бири ҳамшира. Бу ҳақда ўша куннинг ўзида маҳаллий телевидение орқали хабар берилган. Биз ўзимизни инфекциядан ҳимоялаш ҳақида кўпроқ қайғуришимиз лозим. Бу каби хабарлар ҳеч кимни хурсанд қилмайди, бироқ биз ҳар бир ўлим ҳолати ҳақида рўй-рост тарзда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайти, АОКА расмий манбалари орқали эълон қилиб боряпмиз», — деган Нурмат Отабеков.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 8 617 нафар бемордан 118 нафари оғир, 30 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 16 июль куни биринчи марта 60 нафардан, 17 июль куни 80 нафардан, 18 июль куни 90 нафардан, 19 июль куни 100 нафардан 21 июль куни 130 нафардан ошганди, энди эса уларнинг умумий сони 140 нафардан ошди. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар сони 102, аҳволи ўта оғир беморлар 27 нафарни ташкил этаётганди.

Касалликдан даволаниш

23 июль куни 277 нафар бемор коронавирусдан тузалди. Улардан

  • 98 нафари Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида;
  • 48 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 43 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 28 нафари Наманган вилоятида;
  • 27 нафари Навоий вилоятида;
  • 18 нафари Жиззах вилоятида;
  • 8 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 7 нафари Қорақалпоғистон Республикасида соғайди.

Касалликдан тузалганлар сони 10 000 нафардан ошди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 18 868 нафар бемордан 10 149 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 53 фоизни ташкил этмоқда. Икки кундан буён бу борадаги кўрсаткич ўзгармади. Бу сўнгги уч ой (май, июнь ва июль)даги энг паст кўрсаткичдир.

Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 8617 нафар бемордан 6181 нафари Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Фарғонада 17, Хоразмда 30, Навоийда 32, Жиззахда 51, Самарқандда 88, Қорақалпоғистонда 110, Қашқадарёда 122, Наманганда 139, Бухорода 151, Сирдарёда 173, Сурхондарёда 246, Андижонда 315 ва Тошкент вилоятида 962 нафар бемор қолди.

Карантин чекловлари узайтирилади

23 июль куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда карантин чекловлари узайтирилиши маълум қилинди.

«Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлиғини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.

Шу муносабат билан, шунингдек, касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирилди», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида. Карантин қачонгача узайтирилиши ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилди. Тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланди, автотранспорт ҳаракати чекланди, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилди, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилди, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлди, барча масжидлар фаолияти яна тўхтатилди.

Мукофотланганлар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонда қайд этилишича, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, мамлакатда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир қатор соҳа ходимлари мукофотланди.

«Ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлансин», — дейилади фармонда.

Фармонга мувофиқ, коронавирусга қарши курашда иштирок этаётган ва касаллик оқибатида вафот этган бир қатор соҳалар вакиллари мукофотланди.

Мукофотланганлар қаторида коронавирусга қарши курашда ва хизмат вақтида касаллик юқтириб олиб, унинг асоратларидан вафот этган шифокорлар ва ички ишлар ходимлари ҳам бор. Ўлимидан сўнг 6 киши «Жасорат» медали билан тақдирланди, улардан 4 нафари тиббиёт ходими, 2 нафари эса ички ишлар органлари ходимидир. Ушбу фуқароларнинг 4 нафари коронавирус юқтириб олгач, вафот этгани ҳақида аввалроқ хабарлар берилган.

Жумладан, Яккасарой туманидаги марказий поликлиникада ултратовуш ташхиси шифокори Алишер Уралов (у Ўртасаройдаги карантин зонасида касаллик юқтириб олган), Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Феруза ТўхтаеваТошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бўлим бошлиғининг ўринбосари, майор Аълохон ШомаҳмудовМиграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Шавкат Нафасов «Жасорат» медали билан тақдирланди.

Чапдан ўнгга: Алишер Уралов, Феруза Тўхтаева, Аълохон Шомаҳмудов ва Шавкат Нафасов.

Коллаж: «Дарё»

Шунингдек, фармонга мувофиқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, марҳум Ҳамроқулов Ботир Жабборович ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали неврология бўлими катта ҳамшираси марҳум Зулфия Жуманиёзова ҳам «Жасорат» медали билан мукофотланди.

Мукофотланганларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳаволада танишиб чиқишингиз мумкин.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар