Американинг Миннеаполис шаҳрида истиқомат қилувчи эркак мастликда қаергадир қолдириб кетган ўзининг Toyota Camry Hybrid машинасини қидирмоқда, деб хабар беради Motor.
Эълонда ёзилишича, ҳайдовчи ўзининг машинаси йўқолган пайтда маст бўлган ва автомобилини қаерга қолдириб кетганини эслай олмаяпти. 2007 йилда ишлаб чиқарилган седаннинг расми туширилган эълон шаҳардаги дарахт ва симёғочларга илиб чиқилган.
«Балки мен сизнинг ёки болангизнинг ҳаётини сақлаб қолгандирман… Бироқ энди ўзимнинг машинамни топа олмаяпман. Жуда кўп ичганим сабаб уни йўл бўйида қолдириб, дўстим билан уйга кетгандим», — дейилади эълонда.
Америкаликнинг эслашича, у майдони миллион квадрат метрга етадиган Хеннепин округининг шимолий қисмида бўлган ва машинани йўл бўйида қолдирган. Седанни топган кишига мукофот ваъда қилинган.
Reddit фойдаланувчилари Camry’нинг эгасини уйига элтиб қўйган дўсти ҳам маст ҳолатга бўлганлигини гумон қилмоқда. Шунингдек, фойдаланувчилар эълон муаллифига кейинги сафар машина тўхтаган жойни GPS-координатага эга смартфон ёрдамида суратга олишни маслаҳат берган.
Изоҳ (0)