Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани «Сайёд» маҳалласида яшовчи 47 ёшли Истам Холмуродов 10 йиллик жазо муддатини ўтаб қайтгач, туман ҳокимлиги, шунингдек, МФЙ вакиллари томонидан босимга учраётганини айтмоқда.

Фото: «Дарё»

«Жазо муддатини ўтаб қайтганлар яна жиноят йўлига кириб кетмаслиги учун қўллаб-қувватлаш ўрнига мени талашяпти. Босим ўтказишяпти. Айниқса, туман ҳокими Шерали Саломов қабулига бир неча бор ёрдам сўраб кирганман. Муаммоларимни ечиш ўрнига ўзимга тегишли бўлган кўчмас мулк, яъни ер-жойимни бошқаларга тарқатиб бериш пайига тушган. Менинг мулкимни талашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ-ку», — дейди Истам Холмуродов.

Истам Холмуродовнинг яшаш уйи

Истам Холмуродовнинг яшаш уйи
Фото: «Дарё»

Мурожаатчининг айтишича, у укасининг ўлимида ноҳақ айбланиб, ўн йилдан ортиқ вақт давомида жиноятини тан олишга мажбурланган.

«Майли, жазо муддатини ўтаб келганим бошқа масала. Аммо  2020 йилнинг 27 апрелида Бухорода содир бўлган табиий офатдан кўпчилик қатори бизнинг уй-жойимиз ҳам талафот кўрди. Айниқса, онам Норгул Қаҳҳорованинг уй-жойи қулаб, ачинарли аҳволга келди. Наридан бери қилиб пойдеворини тиклашди. Кўп ўтмай, сифатсиз бетонлар қуйилгани учун пойдеворлар ёрила бошлади. Бундай носоз пойдевор устида уй-жой тиклашнинг эса иложи йўқ. Кўзбўямачилик қилинган. Устига-устак, онамнинг номига 50 та шифер берилгани бўйича сохта ҳужжат расмийлаштирилган. Ушбу масалаларни туман ҳокимлиги вакилларига билдирсам, ‘ўтириб чиққаним’-у, аслида кимлигимни рўкач қилаверишади», — дейди у.

Истам Холмуродовнинг яшаш уйи

Истам Холмуродовнинг яшаш уйи
Фото: «Дарё»

«Сайёд» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Ҳайдаров «Дарё» мухбири билан телефон орқали мулоқотда фуқаро Истам Холмуродов доимий эътиборда эканини билдирди. Шунингдек, онасига берилгани айтилган 50 дона шифер ҳам ўзига берилганини қўшимча қилди. Айтишича, бу ҳақда далолатнома ҳам тузилган.

Истам Холмуродов онасининг яшаш уйи

Истам Холмуродов онасининг яшаш уйи
Фото: «Дарё»

«Ўтган йили ночор аҳволда яшайдиган укалари — Улуғбек, Нодир ва Шуҳрат Холмуродовлар, шунингдек, синглиси Ҳуснора Холмуродовани иш билан таъминлайман, деганига хурсанд бўлиб, давлатдан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олишига маҳалла-кўй кўмаклашдик. Бироқ имкони бўла туриб, ундан фойдалана олмади. Оға-инилари билан келишолмагач, унинг укаси Шуҳрат Холмуродов ва Марзия Қандимовани жамоатчилик асосида иш билан таъминладик. Мазкур оилага янги уй қуриш учун туман ҳокимлиги томонидан олти сотих ер майдони ажратилган. Айни пайтда укаси Шуҳрат Холмуродовга қишлоқда мавжуд эски биноларнинг бирини яшаши учун мослаштириб берганмиз», — дейди МФЙ раиси.

Истам Холмуродовга тегишли ерлар

Истам Холмуродовга тегишли ерлар
Фото: «Дарё»

Туман ҳокимлиги масъул ходими Раббонақул Мухторовнинг «Дарё»га маълум қилишича, Истам Холмуродовда белгиланган миқдордан ортиқ ҳосилдор ер бор. Ем-хашак етиштириш имконияти бор. Шунга қарамай, 30 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига харид қилган етти бош қорамолининг тўрт бошини сотган. Қолган қорамоллари ҳам қаровсиз аҳволда.

Истам Холмуродовга тегишли ерлар

Истам Холмуродовга тегишли ерлар
Фото: «Дарё»

«Нотўғри, тўрт бош қорамолни боқиш учун ем-хашак етиштириб бера олмаганим сабабли уларни сотдим. Лекин яна оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кўзлаганман. Шу боис такрорий экин майдонларидан вақтинча фойдаланиш мақсадида туман ҳокими Шерали Саломов қабулига бир неча бор ер сўраб бордим. Ундан тайинли жавоб олмадим. Туман ҳокими эшитишниям хоҳламади, — дейди Истам Холмуродов. — Унинг тавсияси билан ‘Қаҳрамон Акбар’ фермер хўжалигига ер сўраб борсам, сенга ер бермайман дейишди. Айбим нима?».

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, «Қаҳрамон Акбар» фермер хўжалиги ҳисобидаги 14 гектар ер майдони ғалла экинларига, 22 гектар ер майдони эса пахтага мўлжалланган. Ҳосиллар топширилгач, ер такрорий экин экиш учун қишлоқ аҳолисига ажратиб берилган. Фермер хўжалиги иш юритувчиси Араш Рустамовнинг «Дарё» мухбирига айтишича, фуқаро Истам Холмуродов такрорий экин учун ер майдони олишда мутлақо ноўрин талаб қўймоқда. Унга яшаш манзилидан 150-200 метрча узоқликдаги ерларидан таклиф қилинган. Бироқ у буни рад этган.

«Мен, албатта, унга такрорий экин учун бошқалар томонидан вақтинча ўзлаштирилмаган майдондан ер ажратиб бераман. Аммо у шундоқ уйимнинг деразасидан кўриниб турган ердан берасан, деб оёқ тираб олгани яхшимас-да! Экилган ва бошқа киши фойдаланаётган ер майдонини қайси виждон билан унга олиб берамиз ахир. Истам Холмуродов талаб қилаётган ер майдонларида талафот ва пандемиядан бирдек азият чекаётган фермер хўжалиги аъзолари тирикчилик қилмоқда. Сув яқинда бўлишига қарамасдан, у ўз уй-жойи атрофида ўзига тегишли ҳосил олишга мослаштирилган ердан унумли фойдаланмайди. Буни кўп бора ўзига ҳам айтганмиз», — дейди Араш Рустамов.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири суриштируви давомида фуқаро Истам Холмуродовга «Қаҳрамон Акбар» фермер хўжалиги раҳбари тавсия қилган жойдан 50 сотих ер майдони ажратилиб, такрорий экин экишга берилгани маълум қилинди.

«Фермер хўжалиги томонидан экин экишга мослаштирилган ерлар ўзбошимчалик билан ўзининг яқинларига уй-жой тиклаш учун ажратиб берилган. Қанчадан қанча давлат ерлари талон-торож қилинган. Маҳалланинг амалдаги раиси аввалги раис билан тил бириктириб, қишлоқда гуруҳбозликни келтириб чиқармоқда. Бу масалаларга раҳбарият эътиборсиз, панжа ортидан қарамоқда. Шундай пайтда менга ўзим истаган жойдан вақтинча фойдаланишим учун ер бериш шунча мушкулми? Синглимга ҳам уй-жой беришсин, айни пайтда онамдан ташқари, у ҳам фарзанди билан бизнинг ҳовлида яшаяпти. Бор-йўғи уч хонали уйимиз бор», — дейди Истам Холмуродов.

Фото: «Дарё»

Айни пайтда Истам Холмуродов иккинчи оиласи билан 36,6 сотихли уй-жой ва ер майдонида яшаб келмоқда. Холмуродовга тегишли бўлган ортиқча ер майдонларидан бегоналар учун эмас, ўз укаси ва синглиси учун ер бериш сўралган.

«Эрим вафот этгани боис бир нафар фарзандим билан онамнинг уйига қайтдим. Айни пайтда онамнинг талафот кўрмаган уй-жойининг бир қисмида фарзандим билан яшаяпман. Онам эса акамнинг ҳовлисида яшаяпти. Аммо акам фойдаланиб келаётган ортиқча ер майдонидан менга 7,5 сотих ажратиб берилиши масаласига қаршиман», — дейди Истам Холмуродовнинг синглиси Ҳуснора Холмуродова.

Қоракўл ҳокими Шерали Саломов «Дарё» мухбири билан суҳбатда 2020 йилнинг 27 апрелида Бухорода содир бўлган талафотда фуқаро Истам Холмуродовнинг онаси Норгул Қаҳҳоровага тегишли уй-жойнинг зарар кўрган қисмини янгидан қуриш ишлари туман прокурори Мэлс Раҳмонов томонидан назоратга олинганини билдирди. Шунингдек, айни пайтда ҳам Қоракўлда тиклаш-таъмирлаш ишлари давом этаётгани боис манзилларга навбатма-навбат кириб борилаётгани, туман бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни уй-жой билан таъминлаш бўйича тизим ишлаётганини айтиб ўтди.

Истам Холмуродовнинг онаси учун қурилаётган янги уй

Истам Холмуродовнинг онаси учун қурилаётган янги уй
Фото: «Дарё»

«Шу ўринда бир оилага 36,6 сотих ер майдони керагидан ортиқ эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, 1998 йилдан 2019 йилнинг 28 декабригача ҳар бир хонадон олти сотих ер майдонидан уй-жой ва томорқа ерлари учун фойдаланиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги қонунига кўра, ердан фойдаланиш кимошди савдоси орқали амалга оширилади. Шу нуқтаи назардан, фуқаро Истам Холмуродов ҳақиқатан ҳам туман ҳокимлиги мутасаддиларидан норози бўлаётган бўлса, барча важлари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилади ва ҳуқуқий баҳо берилади, — деди туман ҳокими Шерали Саломов. — Аммо, шуни ишонч билан айтаманки, бу фуқарога мен ёки бошқа туман мутасаддилари томонидан босим ўтказилмаган.»

Изоҳ
Асосий янгиликлар