Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ниқоб таққан бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган босқинчилик жинояти қисқа муддатда фош этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
2020 йилнинг 7 июль куни туманнинг «Бураматут» маҳалласидаги хонадонга тунда номаълум шахслар кирган. Эр-хотин ва уларнинг ўғлининг қўл-оёқларини боғлаб, тан жароҳати етказиб, уйдан 11 400 АҚШ доллари ва 100 миллион сўм пулни олиб чиқиб кетган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ва туман ички ишлар бўлими, прокуратура идоралари ҳамда туман ҳокимлиги томонидан олиб борилган тезкор қидирув-суриштирув ишлари натижасида мазкур жиноят очилди. Уни содир этганликда айбланиб, 4 нафар шахс қўлга олинди.
Жиноий гуруҳ аъзолари Тўрақўрғон туманининг «Оқтош», «Дукат» ва «Темирқишлоқ» маҳаллаларида (улардан бири айни пайтда Фарғона шаҳрида истиқомат қилиб келган) ҳамда Поп туманида яшовчи фуқаролар бўлиб чиқди.
Айбланувчилардан бирининг уйида олиб борилган тинтув натижасида хонадон эгаларига тегишли пул ва қимматбаҳо буюмлар далилий ашё сифатида олинди.
Айни пайтда мазкур жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)