Америкалик рэпер Канье Уэст Федерал сайлов комиссиясига (ФСК) президентлик сайловига номзод сифатида рўйхатдан ўтиши учун ариза топширди. Бу ҳақда ФСК веб-сайтидаги таяниб «РБК» маълум қилди.
Ариза 15 июль куни кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Тўлдирилган шаклга кўра, рэпер «Канье 2020» қўмитасидан номзод бўлади. Forbes нашрига берган интервьюсида у бирон бир партиядан номзод бўлмаслигини, балки ўз партиясини тузишини айтган эди ва аризада у BDY партиясидан номзод бўлаётганини ёзган.
Уэстнинг таъкидлашича, унинг партияси «The Birthday Party» деб номланади (Бу ерда сўз ўйини кетган, «Party» сўзи ҳам партия ҳам базм маъносида келади. Шунда рэпернинг партияси «Туғилган кун партияси» ёки «Туғилган кун базми» деган маънони англатади).
Эслатиб ўтамиз, Канье Уэст 5 июль куни президентлик сайловларида қатнашишга қарор қилганини эълон қилди. SpaceX асосчиси ва Tesla раҳбари Илон Маск рэпперни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
2020 йил апрель ойида рэпер Канье Уэст молиявий ҳисоботларини эълон қилгандан сўнг миллиардерга айланганди. Июнь ойида Forbes энг кўп ҳақ тўланадиган машҳурлар рейтингини эълон қилган, унда Уэст Кайли Женнердан кейин 170 миллион доллар билан 2-ўринни эгаллаганди.
Изоҳ (0)