АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков аҳолидан келиб тушган саволларда сўнгги вақтларда ўлим ва касалланганлар бўйича реал рақамлар хусусида ишончсизлик келтириб чиқараётган ҳолатлар ҳақида изоҳ бериб ўтди.

Жумладан, мутахассис Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов коронавирусдан вафот этганлар орасида 14 ёшли фуқаро борлигини айтган ҳолатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай маълумот бермагани масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

«Ўзбекистонда коронавирус касаллигидан вафот этганлар, ҳатто бошқа бирор: юрак, ўпка, юрак қон-томир тизимидаги касалликлар туфайли вафот этган бўла туриб, улардан олинган намуналарда коронавирус касаллиги аниқланган бўлса ҳам барчаси статистикага қўшиляпти. Аҳамият берсангиз, Ўзбекистонда баъзи кунларда ушбу касалликдан 1-2 эмас, ҳаттоки 6 та ўлим кўрсаткичи ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунинг учун бу маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган, фақат сиз қидирган манбалардан топмаган бўлишингиз мумкин. Лекин Ўзбекистонда ушбу касалликдан вафот этганлар сони зинҳор яширилмаяпти. Бундан ҳеч қанақа манфаат йўқ. Қачонки аҳолимиз ушбу касаллик аломатларидан ўлим мавжудлигини билиб хушёр ва сергак тортадиган бўлса, нега биз бу ахборотни етказмаймиз?! Асосий мақсадимиз ахборотларни сизга етказиш орқали сизни сергакликка тортиш, қолаверса саломатлигингизга масъулият билан ёндашиб, хушёрроқ бўлишингиз талаб этилади. Биз касалликка чалинганларни нечоғлик эрта шифохонага ётқизиб, эрта даволаш муолажаларини олишга имконият яратиб бера олсак, кутган ижобий натижаларимиз кўпроқ бўлади. Биз бундан манфаатдормиз».

Шунингдек, Отабеков Навоий вилоятида касалланганлар сони жуда кўп бўлишига қарамасдан мутасадди вакиллар касалланганлар тўғрисидаги статистикани камайтириб кўрсатаётгани хусусидаги эътирозли саволга қуйидагича жавоб берган:

«Биринчидан, республикада коронавирусга чалинган беморларнинг барчаси рўйхатга олинаётганини эътироф этишимиз керак. Касалликка чалинганларни яшириш ёки статистик маълумотларни пасайтириб кўрсатишдан ҳеч ким манфаатдор эмас. Юқумли касалликлар айнан ўша яшириш ҳолатларини кечирмайди. Демак, агар биз касалликни рўйхатга олмасак, статистик маълумотларда кўрсатмасак, ўша касаллик ўчоғида эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилмайди. Статистик маълумотларда баъзи бир рақамлар кам қилиб кўрсатиш ҳолатлари бўладиган бўлса бу билмадим кимнинг ташаббуси билан, лекин энг асосийси, билиб қўйиш керакки, республикада бу касалликка чалинганлар, вафот этганлар сонини яширишдан ҳеч қандай манфаат йўқ. Касаллар сони 100 тага кўп ёки 100 тага кам, ўлим кўрсаткичи бирмунча кўп ёки кам эканлиги аҳамиятсиз, энг асосийси, биз ҳар бир касаллик манбасини жиловлашимиз, ўша касаллик ўчоғида эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишимиз керак бўлади».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ССВ берган маълумотлардан кўпроқ бўлиб чиққан эди. Ўшанда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов 10 июль куни вилоятда касалланганларнинг умумий сони 573 нафарга етганини маълум қилганди. Бироқ ССВ 10 июль куни Самарқандда 37 эмас, 15 киши коронавирус юқтирганини хабар берган. Бундан ташқари ССВ келтирган жадвал бўйича касалланганлар сони 10 июль куни 536 нафарни ташкил этаётганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда 37 кишида коронавирус аниқланганини бир кун кеч хабар берган.