ОКМК футбол клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов Coca-Cola Суперлига 9-тури доирасида «Пахтакор»га қарши кечган ўйиндан (2:2) сўнг матбуот анжуманида қатнашди.

Фото: ОКМК

«Мусобақа жадвалининг юқори поғоналарини эгаллаб турган икки жамоа тўқнашди. Қолаверса «Пахтакор» яхши шаклланган жамоа. Икки-уч йилдан бери деярли бир хил таркиб билан ҳаракат қилиб келмоқда. Таркибида кучли ижрочилар бор. Менимча, ёмон ўйин кўрсатганимиз йўқ. Қисқа вақт ичида дарвозамиздан иккита тўп олиб чиқдик. Ютиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Футбол шуниси билан қизиқ. Қўшиб берилган дақиқаларда яна гол ўтказиб, мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди. Дарвозабонимиз яхши ҳаракат қилди. Ҳақиқатан ҳам чиройли ўйин бўлди. Айрим жароҳат олган футболчиларимиз ҳам борларини беришди. Сўнги 15 дақиқаликни ҳисобга олмаганда дуранг адолатли.

Футбол югуришдан иборат. Ҳозирги замонавий футболда туриб футбол ўйнаб бўлмайди. Бугунги кунда футболда биринчи ўринда турадиган нарса бу — югуриш. Техника, фикрлаш ва бошқа нарсалар иккинчи, учинчи даражада. Ҳақиқтатдан ҳам ротация ҳар бир ўйинда амалга оширмоқдамиз. Элгужа Григалашвили, Дилшод Жўраев жароҳат сабаб ёрдам бера олишмади. Сайдуллога рақобатчи сифатида Мурод Тошматовни ҳам ўйнатяпман. Бу биринчи маротаба эмас. Жамоада дарвозабонлардан ташқари яна 20 нафар футболчи бор. Мавсум ҳали узоқ, шунинг учун майдонга чиққан ҳар бир футболчи ўзини ҳиссасини қўшиши керак.

Ҳожимат Эркинов бизга «Пахтакор»дан ижара асосида ўтган. Ўз жамоасига қарши тўп тепди. Ёш бўлишига қарамасдан иқтидорли ва маҳоратли футболчи. Элгужани ўрнига бошланғич таркибдан жой олди. Ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Биринчи турда ҳам, «Бунёдкор» билан ўйинда ҳам захирадан майдонга тушиб кучайтирди. Ўсишдан тўхтаб қолиши керак эмас. Келажаги бор.

Биринчи голни ўтказиб юборганидан кейин футболчилар ўзига келгунича иккинчи голни ўтказиб бордик. Бу борада кўрсатмалар бердим. Дарвозамизга ёпишмасликка, иложи борича тўпни узоқроқда ушлашга ҳаракат қилиш кераклигини тушунтиргандим. Ҳисобни ушлаб қолишни ўйладик. Истаймизми йўқми бунда хатолар келиб чиқади. «Пахтакор»нинг «Сурхон» билан ўйинини кўриб ўрганиб чиққанимизда ҳам бир дақиқа ичида иккита гол уришганини кўргандик. Бу ҳам футболнинг бир қисми», — дея Қосимов сўзларини келтирмоқда «Championat.asia».

Мазкур дурангдан сўнг олмалиқликлар 21 очко билан иккинчи поғонада қолди. Жамоа кейинги турда «Локомотив»ни қабул қилади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!