Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятда такрорий экинлар ҳолати билан танишиш чоғида ўз томорқасида редиска, булғори, қалампир экишини ва томорқасидан бир йилда камида тўрт марта ҳосил олишини маълум қилди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокимининг қайд этишича, илгари такрорий экин эккан киши жиноятчи бўларди. Одамлар яширинча дала уватларига қўшимча экинлар экарди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда вазият умуман ўзгарди, ғалладан бўшаган ва фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, кам даромадли, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб берилмоқда.

«Ўзим эрта баҳорда томорқамиздаги бир сотих ерга плёнка остига редиска экаман. Уни сотиб, шу ерда булғори етиштирдим. Ҳозир учинчи экин — қалампир бор. Бир йилда камида тўрт марта ҳосил оламиз», — деди Шуҳрат Ғаниев.

Вилоят ҳокимлигининг хабар беришича, Фарғона вилоятининг барча туманларида ғалладан бўшаган майдонларда етиштирилаётган экинлар назоратдан ўтказилмоқда, зарур ҳолатда агротехник ёрдам кўрсатилмоқда. Айни чоғда бўш қолган ерлар ёшлар ва кам таъминланган оилаларга бириктирилиши давом этмоқда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Таъкидланишича, 2020 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд имкониятлар ишга солиниб, вилоятда 18 минг оила камбағалликдан чиқарилади.

Март ойида 5,5 гектар ер майдонида ёшларнинг малиначилик кооперацияси ташкил қилинди. Айни кунларда улар малина билан бирга, ғалладан бўшаган майдонда мош, ловия парваришини ҳам олиб бормоқда. Шуҳрат Ғаниев мазкур кооперацияда бўлиб, иш жараёни билан танишди.

«Бир сотих ердан 3-4 миллион сўмгача даромад олиш мумкин. Мазкур ажратилган ерлар учун ҳеч қандай солиқ, ижара тўлови йўқ», — деди вилоят раҳбари.