Гонконгда коронавирус тарқалиши тезлашгани сабабли 13 июлдан бир қатор чеклов чоралари жорий этилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».

Фото: Getty Images

Хусусан, фуқароларга ҳозиргидек 50 нафаргача эмас, 4 нафардан ортиқ кишининг гуруҳ бўлиб тўпланиши тақиқланди.

«Ҳозир, эпидемиологик вазият янада кескинлашган пайтда, ижтимоий масофаланиш бўйича чораларни яна кучайтиришимизга тўғри келади», — деган Гонконг администрацияси бошлиғи Кэрри Лам.

Шунингдек, ресторанлар ишини қисқартиришга қарор қилинган. Эндиликда мижозларга соат кечки 6 дан кейин ресторанларга кириш тақиқланиб, улар фақат буюртма қилинган овқатни олиб кетишлари мумкин.

Бундан ташқари, барча турдаги жамоат транспортида ва таксиларда ниқоб тақиш тартиби жорий этилмоқда. Тунги клублар, ўйингоҳлар, кинотеатр, спортзал каби кўнгилочар жойлар бир ҳафтага ёпилади.

Маълумот учун, Гонгконгда сўнгги суткада коронавирусга чалиниш бўйича 52 та ҳолат аниқланган. Уларнинг 11 таси четдан юқтирилган. Умумий ҳисобда эса 1522 киши касалланган, улардан 8 нафари вафот этган.