Бугунги кунда Хитойдаги Терракота мажмуаси мамлакатнинг муҳим сайёҳлик жойларидан бири ҳисобланади. Кўплаб одамлар биринчи император мақбарасининг энг муҳим қисми бўлган машҳур терракота армиясини кўриш учун қизиқиш билдиради.

1975 йил 11 июль – Хитойдаги бу машҳур армия аниқланган сана (қазишма ишлари узоқ йиллар давом этган, мақбаранинг ўзи эса бу санадан бир йил олдин топилган). Шу сана муносабати билан «Дарё» Цин Шихуанди мақбарасининг муҳим тарихий қисми ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Хитой жангчилари ва отларининг 8 099 та терракота ҳайкали 1974 йилда Сиан шаҳри яқинидаги император Цин Шихуанди мақбарасида топилган бўлиб, олимлар бу ҳайкаллар милоддан аввалги 210–209 йилларда ҳукмронлик қилган биринчи император буйруғи билан ясалганини аниқлаган. Цин сулоласининг биринчи императори мақбараси Хитойнинг марказида жойлашган Шаанхи вилоятидаги Лишан тоғи этагида жойлашган.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Император Цин Шихуанди милоддан аввалги III асрда яшаб, ҳукмронлик қилган. Император билан бирга кўмилган терракота армияси унинг ўлимидан кейин ҳам ўз тинчлигини сақлашга мўлжалланган эди. Тахминларга кўра, мажмуа қурилиши 38 йил давом этган ва бунинг учун 700 мингдан ортиқ ишчи керак бўлган.

Фото: Google Photos

Кўп йиллар давомида хитойлик ва британиялик олимлар гуруҳи терракота армияси – Хитой императори Цин Шихуанди мақбарасида кўмилган минглаб аскарлар ва отлар ҳайкаллари қандай яратилганини аниқлашга муваффақ бўлди. Олимларнинг таъкидлашича, ҳайкаллар печларда пишитилгандан кейин бўялиб, лак билан қопланган. Ҳайкаллар ҳар бири индивидуал тарзда ясалган бўлиб, бирининг юзи бошқасиникига ўхшамайди. Уларга берилган турли хилдаги ранглар, афсуски, асрлар мобайнида ўз кўринишини йўқотган.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Мажмуага 1974 йил март ойида, маҳаллий деҳқонлар артезиан қудуғини қазиб олаётган пайтда дуч келди. Катта қазилма ишларнинг биринчи босқичи 1978 йилдан 1984 йилгача давом этди. 2000 йилларнинг бошларида мусиқачилар ҳайкаллари, акробатлар ва мансабдор шахслар ҳам топилди. 2009 йил 13 июнь қазиб олишнинг учинчи босқичи бошланди. Бугунги кунгача 500 дан ортиқ терракота, жангчилар ҳайкали, 100 нафар от ва 18 та жанг араваси археологлар томонидан аниқланди.

Фото: Google Photos

Императорни ва унинг бойлигини ҳимоя қилиш учун мақбарадан 1,5 км шарқда, терракота жангчилари дафн қилиниши учун жой ҳозирланган эди. Дастлаб, Цин Шихуанди тўрт минг нафар ҳақиқий жангчини дафн қилишни режалаштирган, аммо халқ орасида исён келиб чиқишининг олдини олиш учун императорнинг маслаҳатчилари уни сопол аскарлар билан ҳам бу ишни амалга оширишга ишонтиришга муваффақ бўлди, уларнинг тўплами эса саккиз мингга яқин рақамга етди.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Саккиз мингдан ортиқ аскар, шунингдек, 200 га яқин отнинг ҳайкаллари ясалиши асосий режага киритилди. Император ўлимидан сўнг жангчилар руҳи ҳайкалларга кўчиб, императорга хизмат қилишни давом эттириши керак эди. Биринчи Хитой императориЦин сулоласи абадий ҳукмронлик қилишини ва императорликни абадий сақлаб қолишни хоҳлагани учун мана шу мажмуани барпо қилишга киришди.

Фото: Google Photos

Ҳайкалларнинг ясалиш жараёнига келсак, ҳар бир жангчи ўзининг ташқи қиёфаси, кийим ва қуроли кўриниши ҳақиқийлиги билан ажралиб туради. Ҳайкаллар минг градусдан кам бўлмаган доимий ҳароратда қуритилган. Натижада аскарлар ҳайкалга солинган гил гранит каби кучли бўлган. Жангчилар орасида нафақат хитойликлар, балки мўғуллар, уйғурлар, тибетликлар кўринишидаги аскарлар ҳам бор. 1980 йилда топилган лойдан ясалган ҳайкаллар билан бир қаторда, иккита бронза жанг араваси императорнинг қабридан 20 метр масофадаги узоқликда жойлашган бўлиб, уларнинг ҳар бири 300 дан ортиқ деталлар билан безатилган.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Бугунги кунда ҳар қандай одам терракота қўшинини кўришга муваффақа бўла олади. Тўғри, музей учун фақат битта йўлак ажратилган, аммо у ердаги барча ҳайкалларнинг асосий қисми бор. Музейда қазишмаларнинг видеоёзувлари намойиш этилади, шу жумладан, иккита бронзали жанг аравалари ва отлиқларини кўриш мумкин.

Фото: Google Photos

Бугунги кунда терракота армияси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ва Терракота армияси 40 га яқин давлатда кўргазма сифатида намойиш қилинган.

Фото: Google Photos