Хитойда ўтган бир сутка ичида яна 12 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб, «Gazeta.ru» хабар берди.
Маълумотларга кўра, коронавирусга чалинганлар янги беморларнинг 7 нафарида касаллик белгилари кузатилаётган бўлса, 5 нафарида белгисиз ўтмоқда. Қайд этилишича, аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг барчаси четдан юқтирилган.
Бир кун олдин мамлакатда 6 кишида коронавирус қайд этилгани тўғрисида хабар берилганди.
Айни вақтда Хитойда коронавирус билан касалланганлар сони 83 594 кишига етган, ҳозирга қадар 4634 киши вирус қурбонига айланган.
Жанубий Кореяда эса сутка давомида 44 киши коронавирусга чалингани қайд этилиб, касалланганларнинг умумий сони 13 417 нафарга етди.Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази (KCDC) маълумотларига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 21 тасида вирус мамлакатнинг ўзида, қолган 23 тасида четдан юқтирилган.
Сутка давомида 34 киши соғайиб, тузалганларнинг умумий сони 12 178 нафарни ташкил қилмоқда. Касаллик қурбонлари сони 289 нафарга етди.
Изоҳ (0)