Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси 5 минг АҚШ доллари эвазига олийгоҳга ўқишга киритишни ваъда қилиб, 2 минг доллар олган вақтида қўлга олинган. Бу ҳақда Самарқанд ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд ИИБ ахборот хизмати

2020 йил 16 июнь куни Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасига фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси 5 минг доллар эвазига олийгоҳга ўқишга киритишни ваъда қилаётгани, олдиндан 2 минг доллар беришни сўраганини айтган. У пулнинг қолган қисмини ўқишга киргандан кейин олишини билдирганини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Фото: Самарқанд ИИБ ахборот хизмати

Мазкур аризага асосан, 2020 йил 16 июнь куни Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Фуқаро ариза муаллифидан 2 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аввал Пискентда педагогика университетига ўқишга киритиш учун 3,5 минг доллар олган ўқитувчи, Нукус давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш учун 3 минг доллар олган декан ўринбосари, Тошкентда консерваторияга ўқишга киритиш учун 5 минг доллар олган ўқитувчи, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалига 2 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган собиқ ўқитувчи, Наманганда университетга ўқишга киритишни ваъда қилиб, 2,5 минг доллар ва 5 млн сўм талаб қилган фирибгар ўқитувчи қўлга тушгани ҳақида хабарлар берилган эди.