Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида тўрт қаватли уйнинг тўртинчи қаватидаги хона эшиги қулфланиб қолиши оқибатида уйда қолиб кетган 4 ва 2 ёшли бола Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари томонидан соғ-саломат олиб тушилди ва онасига топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Соҳиб Ваитов хабар берди.
Маълумот берилишича, воқеа 1 июль куни соат 09:30 да содир бўлган.
«Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик хизматига Қарши шаҳар «Дарвоза тутак» маҳалласи ҳудудидаги тўрт қаватли 368-уйнинг 16-хонадонининг кириш эшиги қулфланиб қолгани, уйда икки нафар ёш бола қолиб кетгани ҳақида хабар қилинди, — дейди Соҳиб Ваитов. — Воқеа жойига етиб борган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳудудий махсус қутқарув ишлар отряди ходимлари хонадоннинг кириш эшигини очиб, уй ичида қолган тўрт ва икки ёшли болаларни соғ-саломат онаси бағрига қайтарди.
Фарзандларини бағрига олган она қутқарувчиларга миннатдорчилик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юнусободдаги кўп қаватли уйлардан бирида кекса аёлнинг ҳаёти сақлаб қолингани, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида эса уйида қулфланиб қолган 3 ёшли бола ФВВ ходимлари томонидан қутқарилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)