Ўзбекистонда 26 июнь куни коронавирус аниқланган 250 нафар бемордан 25 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 8 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Жумладан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.З.да ( профилактика мақсадида намуна топширган), «Логистика универсал маркази» МЧЖ ходими Г.С.да, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходими Ҳ.Қ.да (Тошкент вилояти Қибрай туманидаги қариндошининг уйига борган) касаллик аниқланган.

Шунингдек, Юнусобод туманида яшовчи Ш.А.да (профилактика мақсадида намуна топширган), шаҳар ички ишлар тизими ходими Ф.Г.да, пойтахтдаги автосарой кондуктори С.Д.да, Чилонзор туманида яшовчи М.Х.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган) ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.

Вазирлик аҳоли орасида коронавирусга чалиниш хавфи юқорилиги боис пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан карантин қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 27 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 7551 нафарга етди. Уларнинг 5038 нафари (67 фоиз) соғайган, 20 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.