Бухоро—Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» тезюрар йўловчи поездининг электровоз ойнаси қаттиқ жисм келиб тегиши натижасида дарз кетди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳодиса ҳақида Тошкент минтақаси темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармасига 23 июнь куни соат 20:05 да ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Йўловчи поездларини кузатиш батальони навбатчиси телефон орқали хабар берган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, поезднинг олд ойнасига Сергели туманининг «Чоштепа» маҳалласи ҳудудида бетон бўлаги келиб урилган.
Маълум бўлишича, бетон бўлаги Тошкент метрополитени йўлида олиб борилаётган қурилиш вақтида — темир йўл изининг устидан ўтувчи метрополитен кўпригига бетон насоси орқали қуйилган қоришма қотмаганлиги сабабли тезюрар поезднинг олд ойнасига келиб урилган.
Таъкидланишича, ҳозирда суриштирувни Тошкент—Жанубий вокзалида транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси олиб бормоқда.
Изоҳ (0)