Дунёда давом этаётган бу галги хабарлар ҳам коронавирус билан бошланади. Жаҳон сиёсий майдонида ҳам кўплаб сиёсий тарангликлар Беларусь ҳамда Жанубий ва Шимолий Корея фонида юзага келмоқда. «Дарё» дунёда юз берган муҳим воқеалар таҳлилини диққатингизга ҳавола этади.

Коронахабарлар

Ўтган ҳафтада бутун дунёда COVID-19 касаллигини юқтириб олганлар сони 8 миллиондан ошди. Маълумотларга кўра, бутун дунёда COVID-19 қурбонлари сони салкам 437 минг кишидан ошиб кетган. Давлатлар кесимида дунёда ҳамон АҚШ етакчилик қилмоқда. Мамлакатда мазкур касаллик билан оғриганлар сони икки миллион кишидан ошиб кетган. АҚШда касалликдан вафот этганлар сони мамлакатнинг Биринчи жаҳон урушида вафот этган қурбонлари сонидан ҳам ошиб кетган.

Фото: Google Photos

Расмий маълумотларга кўра, АҚШда Биринчи жаҳон уруши даврида 116 516 киши қурбон бўлган.  Коронавирусга чалиниш ва ундан вафот этиш ҳолатлари бўйича статистикани юритадиган Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, АҚШда касаллик оқибатида 117 мингдан ортиқ киши вафот этган.

АҚШдан кейинги ўринда бораётган Бразилияда эса ҳафта охирларига келиб касаллар сони миллиондан ошган. Бутун мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 1 032 913 кишига етган. Ҳозирга қадар Бразилияда 48 953 киши коронавирус қурбонига айланган бўлса, 507 мингдан ортиқ бемор даволанишга муваффақ бўлган.

Европада эса касаллик билан боғлиқ ваҳима ҳолатлари деярли қолмади. Кунлик касалланишлар сони анча камайиб бормоқда. Ўтган ҳафтада касаллик илк тарқаган Хитой пойтахти Пекинда шаҳардаги гўшт бозорида сотувчиларда коронавирус аниқланган эди. Мутахассислар бу сафарги вирус Ухандагидан анча хавфли бўлиши мумкинлигини айтган эди. Вирусолог Ян Чжаньцзюнинг таъкидлашича, эволюция давомида вирус заифлашиши ҳам, кучайиши ҳам мумкин.

Фото: Google Photos

Улгуржи бозорда вирус аниқланганидан кейин тўрт кун давомида касаллик 79 кишида тасдиқланган. Илгари Уханда бундай касалланиш сони вирус аниқланганидан бир неча ҳафта ўтгачгина қайд этилган. Бундан ташқари, Уханда эпидемия қишда бошланган, ҳозир эса Пекинда вирус тарқалишига қаршилик кўрсатиши лозим бўлган ёзги ҳарорат ҳукм сурмоқда.

Саудия Арабистонида эса жорий қилинган комендантлик соати бекор қилинди. Бироқ шунга қарамай, кўплаб чекловлар ўз кучида қолади. Ҳукумат хорижга саёҳат қилиш ва зиёратларга қўйилган тақиқларни ўз кучида қолдирган. Ҳозирча Маккага Ҳаж зиёратларини амалга оширишга рухсат қачон берилиши номаълум. 2020 йилги Ҳаж зиёратлари июль ойининг охирларида бўлиб ўтиши керак. Айрим мусулмон давлатлар, хусусан, Малайзия ва Индонезия ўз фуқароларига 2020 йилда Ҳажга боришни тақиқлаб қўйган. Одатда, Ҳаж зиёратлари вақтида бутун дунёдан 2,5 миллионга яқин мусулмон Маккага ташриф буюради.

Демократияни истамаётган Лукашенко

Ўтган ҳафта давомида Беларусда сиёсий вазият таранглашди. Беларусь давлат назорати қўмитаси «Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари ва президентлик сайловларида Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлиши кутилган Виктор Бабарико ҳибсга олган. Бу ҳақда «Белтелерадиокомпания» хабар берди.

Виктор Бабарико.

Фото: «Del.by»

Шундан кейин Беларусь пойтахти Минск шаҳрида президент сайловида Александр Лукашенконинг рақиблари учун имзо тўплаш мақсадида уюштирилган намойишда бир неча километрли навбат юзага келди. Бу намойиш президент сайлови кампанияси вақтида қўлга олинган фаоллар ва сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил қилинган.

Қайд этилишича, «бирдамлик занжири» деб аталаётган акция Минскнинг асосий кўчаси бўлган Мустақиллик шоҳкўчасида 18 июнь куни кечки пайт бошланган ва бундай занжирлар президентликка номзодлар Юрий Губаревич, Николай Козлов, Ольга Ковальковага имзо йиғилаётган жойларда юзага келган. «Бугун беларусликлар эркинлик учун навбатга турди ва ўзига керак бўлган муносабатни талаб қилди», — дея маълум қилган Ольга Ковалькова.

Бу воқеаларга мамлакат президенти Александр Лукашенко ҳам муносабат билдирди. «Мени танлов қаршисига қўйманг. Демократик йўл тутсам, оппоқ ва пахмоқ эканлигимни кўрсатсам, мамлакатни қўлдан чиқаришим мумкин. Бунинг оқибатида бир йилга бормай қарғишга қоламан. Ҳеч ким мени ва барчамизни Беларусни йўқ қилганимиз учун кечирмайди», — дейди Лукашенко.

Фото: «ТАСС»

«Яна бир вариант. Мени ушбу муаммони ҳал этиш учун куч ишлатишга ундашмоқда», — дея қўшимча қилади президент. Шу билан бирга, Лукашенконинг қайд этишича, у бутун умрини ушбу мустақил, суверен давлатни қуришга сарфлаган ва ҳеч кимнинг мамлакатни синдиришига йўл қўймайди. Беларусь президентининг фикрича, мамлакатдаги вазиятни ўзгартиришни истаган одамлар — «адашганлар» ва улар ўзларидан фойдаланишаётганини тушунмаяпти.

Европа Иттифоқи эса Беларусь ҳукуматидан президентлик сайловларида иштирок этадиган номзод Виктор Бабарико ва унинг ўғли Эдуардни ҳибсдан озод қилишни сўради. «Беларусь президентлигига номзод Виктор Бабарико ва унинг ўғли Эдуард жиноий ишга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Евроиттифоқ Беларусь ҳукуматидан улардан ҳали исботини топмаган айбловларни олиб ташлаши ва қонун устуворлиги, шаффоф тергов ҳамда адвокат ёллаш имконини тақдим қилиши зарур. Ҳар қандай тергов холис ва сиёсий босимсиз ўтказилиши лозим», — дейилган баёнотда.

Бабрикога адвокат хизматидан фойдаланишга рухсат берилмаган.

Икки Корея тобора узоқлашмоқда

Олдинги ҳафтада муносабатлари илиқлашаётган икки Корея муносабатлари яна қайтадан совиб кетган эди. Дастлаб, улар ўртасидаги алоқа узилган бўлса, 16 июнь куни Шимолий Корея ҳарбийлари Кэсон шаҳрида жойлашган Кореялараро алоқа офисини портлатиб юборди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабар берди.

Фото: Yonhap

Жанубий Корея ҳукумати КХДР томони икки мамлакат ўртасида юзага келган кескинлик фонида бинони портлатиб юборганини тасдиқлади. Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги ҳам офис буткул яксон этилгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлаган. Жанубий Корея ҳарбийлари КХДРнинг Кэсон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисининг портлатилиши билан боғлиқ видеони эълон қилди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берган.

Шу куни КХДР Кореялараро келишувларга биноан қўшинлар олиб чиқиб кетилган ҳудудларга ўз ҳарбий бўлинмаларини қайтармоқчи эканини билдирди. Бу чегарани қалъага айлантириш ва жанубга қарши ҳарбий хушёрликни кучайтириш мақсадида амалга оширилади.

«Бизнинг армиямиз жануб ва шимол ўртасидаги муносабатлар тобора ёмонлашаётгани доирасида юз бераётган вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва партия ҳамда ҳукумат томонидан кўрилаётган ҳар қандай чораларни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр», — дейилади бош штаб баёнотида. Жанубий Корея бирлашиш вазири Ким Ён Чхоль КХДР билан муносабатлар ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқишга қарор қилганини эълон қилди.

Ким Ён Чхоль.

Фото: AP Photo

КХДР эса Жанубий Корея билан чегарага ўз қўшинларини киритиши ҳақида маълум қилди. Бунга жавобан эса Жануб ҳам ўз муносабатини билдирди. Сеул бундан буён КХДРнинг «номаъқул хатти-ҳаракатлари ва сўзларига» тоқат қилмайди. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти администрацияси вакили Юн До Хан брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги.

АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан қўлланилган санкциялар муддатини узайтирди. Президент Дональд Трамп мазкур чора юзасидан фармойишни имзолаган. Ҳужжат Оқ уйнинг расмий сайтига жойлаштирилган. «Корея яриморолида хавфли, дунёга таҳдид қиладиган қуроллар яратиш учун шароит борлиги, шунингдек, мамлакат ҳукуматининг сиёсати ва ҳаракатлари АҚШ ташқи сиёсати, иқтисодиёти, миллий хавфсизликка фавқулодда хавф солаётгани туфайли Шимолий Кореяга нисбатан миллий фавқулодда ҳолат режими яна бир йилга узайтирилсин», — дейилган ҳужжатда.

20 июнь куни КХДР ҳукумати Жанубий Кореяга қарши агитацион урушга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. «Нашриёт уйлари Жанубий Корея расмийларига тартибсиз зарбалар берувчи варақаларни чоп этмоқда. Мамлакат бўйлаб ғазабланган одамлар Жанубий Кореяда ҳатто оддий ахлоқдан маҳрум бўлган одамларга сочиш учун варақаларни оммавий тарқатишга фаол тайёргарлик кўрмоқда», — деб таъкидланган хабарда.

Агентликнинг қайд этишича, «университет талабалари тегишли тартибда шимол ва жанубнинг чегара ҳудудларига кириш очилиши биланоқ варақалар тарқатишни бошлайди». Чунки амалдаги келишувга кўра, айнан талабаларга чегара ҳудудларига кириш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, «Гуноҳлар учун қасос муқаррардир», дея қўшимча қилинган.