Ўзбекистонда 19 июнь соат 23:00 дан 20 июнь соат 23:00 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 207 та ҳолат қайд этилди. Ўзбекистонда учинчи марта бир кун ичида 200 дан ортиқ одамда коронавирус аниқланиши юз берди. 7 июнда 237 кишида, 16 июнда 230 кишида коронавирус аниқланганди. Ҳозиргача Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 6000 нафардан ошди. Беморлар сони 5000 дан 6000 га етиши учун 6 кун керак бўлди. 20 июнь куни аниқланган янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 6153 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 179 нафари карантин муассасаларида;
  • 19 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 13 нафар, Тошкент вилоятида — 4 нафар, Сурхондарё вилоятида — 1 нафар, Хоразм вилоятида — 1 нафар);
  • 9 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (уларнинг бари Тошкент вилоятида) аниқланган.

Кун давомида 6 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 4 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди.

Тошкент шаҳри яна аҳоли орасида энг кўп коронавирус аниқланган ҳудуд бўлди. Пойтахт аҳолиси орасида 13 киши касалликни юқтириб олган. Тошкентда бир кун олдин 24 кишида коронавирус аниқланганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг айримлари ҳақида маълумот берди. Жумладан, Чилонзор туманидаги савдо дўкони сотувчисида (Сергели туманида истиқомат қилади, 18 июндан тана ҳарорати кўтарилгач, шифокорга мурожаат қилган), Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро ҳамда унинг ўғли ва қизида, пойтахтда бўлиб турган Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи фуқарода (профилактика мақсадида Тошкент шаҳар СЭОМ лабораториясига намуна топширган), Учтепа туманида яшовчи 3 нафар нафақада бўлган фуқароларда ҳамда Юнусобод туманидаги бир оиланинг 6 нафар аъзосида (тана ҳарорати кўтарилгач, тумандаги 52-оилавий поликлиникага мурожаат қилган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Юнусобод туманида 4 кун ичида икки нафар фарзандининг никоҳ тўйини ўтказган оиланинг янги келини ва маросимда иштирок этган 12 киши коронавирус юқтириб олгани маълум қилинди. Ушбу ҳолатдан сўнг юзлаб одамлар карантинга олинган.

Тошкент вилоятида 24 та янги ҳолат қайд этилди. Уларнинг 11 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 9 нафари халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчиларида ва 4 нафари аҳоли орасида аниқланди. Тошкент вилояти ҳам аҳоли орасида тез-тез касаллик аниқланиб турадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. 16 июндан бери узлуксиз равишда вилоятда ҳар куни аҳоли орасида коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилмоқда. Бир кун аввал Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги сектори иш юритувчисида (профилактика мақсадида намуна олинган) ҳамда Ўрта Чирчиқ тумани туғруқ бўлимидаги беморда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқлангани маълум қилинганди.

Хоразм вилоятида охирги вақтларда касаллик аниқланса, камида 10 кишидан коронавирус чиқмоқда. 15 июнь куни 10 кишида, 19 июнь куни 12 кишида, 20 июнда эса 13 кишида коронавирус аниқланди. Янги ҳолатларнинг 12 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 таси аҳоли орасида қайд этилди.

Сурхондарё вилоятида 4 та янги ҳолат қайд этилди. Шундан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида аниқланди.

Самарқанд вилоятида қайд этилган 4 та ва Сирдарё вилоятида қайд этилган 2 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланди.

Касалликдан даволаниш

20 июнь давомида 17 нафар фуқаро соғайди. Уларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Даволанган беморлар сони бошқа кунларга нисбатан анча кам бўлди. Июнь ойида бундан ҳам кам бемор даволаниши фақат бир марта содир бўлганди. 8 июнда шифохоналардан 3 нафар бемор соғайиб чиққанди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 6153 нафар бемордан 4290 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 69 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 5 майдан сўнг биринчи марта 70 фоиздан тушиб кетди.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди, 19 июнда уларнинг сони 1600 нафардан ошган бўлса, 20 июнга келиб уларнинг сони 1800 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 1844 нафар бемордан 1464 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 380 нафар бемор мамлакатнинг 9 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 6, Андижонда 8, Сурхондарёда 19, Самарқандда 21, Бухорода 27, Наманганда 28, Хоразмда 49, Навоийда 61 ва Қашқадарёда 161 нафар бемор қолди. Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўнта ҳудудидаги шифохоналарида даволанаётган 1844 нафар бемордан 14 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка ичида аҳволи оғир ва аҳволи ўта оғир беморлар сонида ўзгариш юз бермади. Аммо 20 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, аҳволи оғир беморлар сони 15 нафарни ташкил этаётганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни огоҳликка чақирди ва коронавирусга чалиниб, нафас етишмовчилигидан қийналаётган 49 ёшли беморнинг видеосини эълон қилди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. Июнь ойининг ўзида 4 нафар бемор вафот этди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 37 812 нафар, стационар карантинда эса 23 015 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 4211 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 140 нафарга кўпайди. Уй карантинидаги фуқаролар сони бир кунда 4 мингдан ортиққа кўпайиши июнь ойида кузатилмаганди.