Прокурорлар Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради. Бу ҳақда Первомайск тумани суди девонхонасига таяниб «ТАСС» хабар берди.

Алмазбек Атамбаев.

Фото: «Segodnya.ua»

Хабарга кўра, судда «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевнинг қонунга хилоф равишда товон пули эвазига қўйиб юборилишида собиқ президентнинг ўрни борлиги юзасидан жиноий иш кўриб чиқилмоқда.

«Прокурорлар суддан Атамбаевни 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни таклиф этди», — деган девонхона ходими.

Батукаев ўта оғир хасталикка чалингани сабаб 2013 йилда ахлоқ тузатиш колониясидан муддатидан аввал озод қилинган ва қамоқдан чиққач мамлакатни тарк этган. Бироқ кейинчалик ташхиснинг хато экани маълум бўлди. Атамбаевдан ташқари яна бир неча киши жиноий ишга шерикликда айбланмоқда, улар орасида юқори лавозимларда ўтирган бошқа амалдорлар ҳам бор.

Қирғизистонни 2011—2017 йиллар давомида бошқарган Атамбаев 2019 йил 8 августда Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида бир сутка давом этган махсус операциядан кейин ҳибсга олинган. Собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари ҳарбийларга қаршилик кўрсатган ва оқибатда бир нафар махсус қўшин аскари ҳалок бўлган. Икки томоннинг тўқнашувидан кейин юзлаб одамлар, жумладан, милиция ходимлари жароҳат олганини айтиб, касалхоналарга мурожаат қилган.

Қирғизистон собиқ президенти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига зўравонлик қилганликда, оммавий тартибсизликка бошчилик қилганликда, қотилликни ташкиллаштирганликда, одамларни гаровга олганликда, Батукаевни озод қилишда коррупцияга йўл қўйганликда, Бишкекдаги бинолар билан боғлиқ ҳолатларда коррупция, Қўй-Тошда ер участкаси ва Иссиқкўл вилоятидаги курорт ҳудудни ноқонуний равишда олганликда айбланаётгани маълум қилинганди.

Атамбаевга жиноий ишнинг очилиши республиканинг ҳозирги раҳбарлари томонидан уюштирилган сиёсий ҳужум эканлиги тахмин қилинган. Батукаев иши бўйича суд қарори 22 июнда эълон қилинади.