Тошкент шаҳрида 7 июнь куни коронавирус инфекциясини юқтириб олганлик билан боғлиқ 195 та ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбоновнинг маълум қилишича, мазкур 195 нафар бемордан 183 нафари битта қурилиш компаниясида ишлайдиган ходимлар бўлган.

Ботиржон Қурбонов мазкур вазият касаллик аниқланган компанияга зарар етказиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда унинг номини маълум қилмади. Компанияга нисбатан тегишли тартибда маъмурий чоралар қўлланилган.

Касаллик юқтириб олган 183 киши билан бирга ишловчи 300 нафардан ортиқ ходим карантинга олинган. Мазкур 183 фуқаро Тошкент шаҳрига вилоятлардан келиб ишлаётгани ва сўнгги 14 кун ичида оила аъзолари билан бевосита алоқада бўлмагани сабабли уларнинг оила аъзолари карантинга олинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 7 июнь куни Ўзбекистонда 237 кишида коронавирус аниқланган ва пандемия бошидан буён мамлакатда қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлди.

Шунингдек, 11 июнь куни Қашқадарёнинг Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг 28 нафар ишчисида коронавирус аниқланди, COVID-19 вирусига чалинган 28 нафар ходимдан 27 нафари Қозоғистон фуқароси, яна бир нафари туркиялик бўлиб, уларнинг барчаси Enter Engineering компанияси ходимларидир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, улар карантин муассасасида бўлган.