Ўзбекистонда 8 июнь соат 23:00 дан 9 июнь 23:00 гача 80 кишида коронавирус аниқланди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Коронавирус инфекцияси тасдиқланган 80 нафар беморнинг

  • 42 нафари карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида;
  • 25 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 11 , Навоий вилоятида — 13, Тошкент вилоятида — 1);
  • 13 нафари хориждан кириб келган халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар орасида аниқланди.

Аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатларининг қайд этилиши аввалги кунларга нисбатан камроқ бўлди (7 июнь куни 217 киши, 6 июнь куни 66 киши касалликни юқтириб олганди). Бироқ Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, айрим ҳолатларда касаллик кимдан, қандай йўл билан тарқалганини, касаллик манбаси кимлигини аниқлай олишнинг имкони бўлмаган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.

Коронавирусдан даволаниш

9 июнь давомида 102 нафар фуқаро соғайди. Беморларнинг 74 нафари Тошкент шаҳридаги, 28 нафари Навоий вилоятидаги тиббиёт муассасаларида даволаниб чиқди.

Маълумот ўрнида, ЖиззахСурхондарё  ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. Қорақалпоғистон (3 нафар бемор), Андижон (4 нафар бемор) ва Қашқадарё (5 нафар бемор) коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турибди.

Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги беморлар эса Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Энг кўп бемор ҳозир айнан Тошкент шаҳрида (831 киши) бўлиб, даволаниш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳрида бу борадаги кўрсаткич бир кун аввал 63 фоиз эди. Айни дамда Ўзбекистоннинг тўққиз ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони 1043 нафарга тенг.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4520 нафар бемордан 3459 нафари соғайди. 9 июнда соғайганлар сони касалликни юқтириб олганлар сонидан кўпроқ бўлган бўлса-да, даволаниш кўрсаткичи бир кун аввалги каби 76 фоизни ташкил этмоқда.

Аҳволи оғир беморлар

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1043 бемордан 8 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввалгига қараганда аҳволи оғир беморлар сони 2 нафарга ошган. ССВ 9 июнь соат 10:00 даги ахбороти билан таққосланса, аҳволи ўта оғир беморлар сони бир нафарга кўпайган.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 18 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.

Карантиндагилар

Шу кунгача жами 449 627 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 403 595 нафари карантиндан чиқарилган. Бир кун ичида карантинга олинганлар сони 4912 нафарга, карантиндан чиқарилганлар 4182 нафарга кўпайди.

Айни вақтда Ўзбекистонда уй карантинида 22 957 нафар, стационар карантинда эса 23 075 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.