Бундан роса 71 йил муқаддам, 1949 йилнинг 8 июнь куни Жорж Оруэллнинг машҳур «1984» романи дунё юзини кўрди. Антиутопия жанридаги ушбу асар цензура, тотал назорат, сўз эркинлигининг йўқлиги инсониятни қай аҳволга келтириб қўйишини ўта муболағали ва фожиали тарзда кўрсатиб берган. Китоб бутун дунёни ларзага солди ва умуминсоний қадриятлар ривожига ҳисса қўшди.
Янги тарихга, инсоният маданиятига, маънавий ва сиёсий қадриятларига бу даражада кучли таъсир ўтказган асарлар бармоқ билан санагулик. У кўплаб тилларга ўгирилди ва миллионаб нусхада чоп этилди.
«1984» 1988 йилда СССРда тақиқланган эди. Шу боис ўзбек китобхони уни узоқ кутишига тўғри келди. Роман бир неча йил муқаддам ниҳоят ўзбек тилига ўгирилди ва кўп нусхада сотилиб, шов-шувга сабаб бўлди.
«1984»нинг «туғилган куни» муносабати билан «Дарё» унинг ўзбекча таржимони – таниқли журналист ва шоир Карим Баҳриевдан роман ҳақида гапириб беришни сўради.
Аввал Жорж Оруэлл ва унинг асарлари ҳақида миш-мишлар билан яшадик. Бу асар совет даврида тақиқланган адабиётлар рўйхатининг бошида бўлган. Мустақилликдан кейин уни русчада ўқидик. Ҳам ҳайрат, ҳам ҳавас, ҳам фикрий исён ва ғалаён билан ўқидик. Асардаги вазият бизга таниш эди.
Кейин ниҳоят уни таржима қилдик. Асар ўзбек тилида чиққанида бу ҳақда хабар берган BBC радиосида «Агар асар чиққан йилида таржима қилиниб, ўзбеклар уни ўшандаёқ ўқиганда, бугун биз бошқача халқ бўлардик», деган гап айтилди. Чунки бу асар миллатнинг фикрий мушоҳада майдонига кирар экан, тафаккурни ҳаракатга келтиради.
Жорж Оруэлл (инглизчаси George Orwell, ҳақиқий исми-шарифи Эрик Артур Блэр) инглиз ёзувчиси бўлиб, антиутопик йўналишда ёзилган «1984» романи дунёнинг энг машҳур асарлари рўйхатининг юқорисига киритилган. Асар ўзбек тилида ҳам нашр қилинганидан сўнг ўзбек китобхонлари орасида тезда машҳур бўлиб кетди, асарни мутолаа қилиш, у ҳақда фикр билдириш ҳақиқий челленжга айланди. Таржима бир йил ичида икки қайта, кейинги йили учинчи қайта нашр этилди. Нашрнинг биринчи ададининг учдан иккисига ҳали чоп этилмасидан буюртма тушганди.
«1984» асарида ўтган асрнинг 80-йилларида Уммония (Англия, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия, Океания, Жанубий Африканинг умумий номи) мамлакатида ҳукм сурган сиёсий тузум ҳақида сўз боради. Китобда тасвирланган ҳолатлар тарихий далиллар билан солиштириб кўрилганда эса реал макон собиқ Совет Иттифоқи бўлгани, инглиз социализми тушунчаси остида совет коммунофашизми назарда тутилгани, «1984» эса тоталитар тузум авж олган палла — 1948 йил экани (шунчаки, рақамларнинг ўрни алмаштирилган) ҳақида тахмин пайдо бўлади.
Дастлаб асарнинг ишчи номи «Европадаги охирги инсон» бўлган. Бутун элни бахтли ва тенг қилиш умидида бошланган социалистик инқилоб, юксак чўққисига кўтарилгани сари инсоннинг ўзлигини, тарихий хотирасини, фикрлаш қобилиятини йўқ қиладиган жамиятда хотираси, онги, ҳиссиётларини сақлаб қолишга интилган бош қаҳрамон одамсимон махлуққа айланишга ички қаршилик қилади.
Уммонияда ягона партия ҳукмрон, бошқарувчи ҳокимият санам даражасига кўтарилган «доҳий»да жамланган. Асарнинг ўзбек тилидаги илк ўқувчиларидан бири ёзади: «Партиянинг ғоялари математик аксиомага ўхшайди, уни қандай бўлса, шундай қабул қилишга мажбурсан, нега ва қандай қилиб деган ‘ўринсиз’ саволларга исбот талаб қилинмайди. Партияга шахс эмас, индивид, онгсиз индивид керак... Зоҳиран ҳаммада ва ҳар жойда тузумдан розилик, ҳаётдан мамнунлик намоён. Бошқа чора ҳам йўқ, ҳар қадамда телеекран ва микрофонлар таъқиб қилади, ‘Катта Оға сени кузатиб турибди’ — унинг нигоҳларидан пана жой йўқ, ‘бош чаноғингнинг ичидаги бир неча сантиметр куб хаёлдан бошқа нарса сенга тегишли эмас’. Бундан бошқа чора йўқ: йироқда томлар орасида полиция гуруҳи вертолёти, ҳаммасидан ўтадиган Фикрлар полицияси фуқароларни тўлиқ назорат қилади».
Давлат халқдан нафақат итоатни талаб қилади, ҳурфикрлиларни йўқотади, балки фикрнинг ўзи пайдо бўлмаслигини истайди. Бунинг учун у инсонларнинг фикрни ифода қиладиган забонини назорат қилишдан ташқари, унинг онгини назорат қилиш чорасини излайди. Нафақат мухолиф фикр айтилмаслиги ва тарқалмаслиги керак, бундай фикр юзага ҳам келмаслиги лозим. Умуман халқ яхши ҳам, ёмон ҳам фикрламасин – у умуман фикрламаслиги керак ва фақат итоат қилиши лозим. Фикр сўзларда ифодаланади, шунинг учун сўзларни имкон қадар йўқотиш керак, бунинг учун «янги тил» яратилади ва бу тилнинг луғати янги сўзлар билан бойимайди, аксинча, йилдан йилга қисқаради.
Охирига келиб, ҳокимиятни мадҳ этадиган тўрт-беш сўз қолиши керак, мабодо инсон фикрламоқчи бўлса ҳам, сўз тополмай қолади шу тариқа... Халқни доимий итоатда сақлаш учун ички ва ташқи «халқ душмани» ўйлаб топилади ва душманга «нафрат ҳафталиклари» ўтказилади, ишхоналарда «нафрат соатлари» бўлади. Муҳаббат бўлиши мумкин эмас, оилалар фақат давлат учун фуқаро бўладиган бола қолдириш учун қурилади, севгидан роҳат олиш мумкинмас, бу бир «клизмадай ёқимсиз жараён» деб қабул қилиниши ва фақат «армияга аскар етиштириш» учунгина амалга оширилиши керак.
Китобни мутолаа қилаётган инсонда ҳар қадамда бир фикр уйғонади: бизни ҳозир худди шундай алдашмаяптими?
Оруэллнинг иккинчи – «Молхона» асари (инглизча Animal Farm: A Fairy Story) илк бор 1945 йилда чоп этилган. Оруэлл аллегорияда инқилобий тамойиллар ва дастурларнинг эврилиши, умумий тенглик ва фаровонлик ғоясининг диктатура ва тоталитаризмга айланиши жараёнини акс эттирган. Жорж Оруэлл асарни 1943 йил ноябридан то 1944 йил февралигача ёзган ва 1945 йил августида эълон қилган. Китобни ҳар бир инсон ўқиши ва мулоҳаза қилиши лозим: нега бу дунёмиз шундай, у аслида қандай бўлиши керак... Китобда даҳшатли дунё акс этган, бу дунёда оддий халқ «қатъий ташкиллаштирилган тизим»нинг қулига айлангани кўрсатилган.
«Молхона»ни ўқир экансиз, жуда таниш ҳодисаларни ўқиётгандай бир ҳис қамраб олади сизни – сотқинлик, воқеаларни ва фактларни сохталаштириш, ўз мақсадлари учун тарихни ўзгартиришга уриниш инсонлар жамиятининг ҳам одатий ҳолати, барининг остида ҳокимиятга интилиш ҳисси ётади. Ҳокимиятга интилиш ҳирси озодликка интилиш ниқобига ўранади, инсоннинг ҳокимиятидан қутулган, тенглик ва озодликка асосланган молхона қуришга жонланган жониворлар яна диктатурани – бир тоифа ҳайвонларнинг бошқа тоифа ҳайвонлар устидан ҳукмронлигини барпо этади.
Бу китоб «алалоқибат ҳамма бахтиёр бўлиб, муродига етди» деб тугайдиган асарлар тоифасидан эмас, у ҳаётнинг даҳшатли, асл башарасини кўрсатади. Ва энди сиз дунёга бошқача, янгича қарай бошлайсиз. Жорж Оруэлл асарлари инсоннинг фикрини тафтиш қилади ва ўзини, ўзлигини топишга, ўз ҳақиқатини излашга йўллайди. Шунинг учун «ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор», дейишади.
Илм аҳли объектив, мутлақ ва нисбий ҳақиқатни ажратади. Ҳақиқат бирданига яхлит мияга қуйиб қўйиладиган ходиса эмас, у тинимсиз изланадиган ва тўлдириладиган жараёндир. Объектив ҳақиқат – инсонга ҳам, инсониятга ҳам боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд илмдир. Мутлақ ҳақиқат – табиат, инсон ва жамият ҳақидаги мутлақ илм бўлиб, уни инкор этиб бўлмайди. Нисбий ҳақиқат – мутлақ ва тугал бўлмаган, муайян инсон ва муайян жамиятнинг мазкур тараққиёт даражасига мос бўлган билимдаридир.
Бизнинг ҳақиқатимиз шу тариқа нисбий ҳақиқатдир.
Биз кўзимиз кўрган нарса ва ҳодисаларга истаганча баҳо беришимиз мумкин. Бир нарса ёки ҳодиса ҳақида ўн киши ўн хил фикру баҳо беради, бу баҳоларда ҳақиқат қайда аслида?! Шунинг учун Яҳудиянинг бешинчи прокуратори Понтий Пилат «Ҳақиқат нимада?» деб савол беради, аммо жавобини эшитишни истамайди. Унинг учун умуман ҳақиқат йўқ. Лекин у хато қилади, чунки унинг қалб кўзи очилмагани учун, ҳақиқатни кўра олмайди, Машрабнинг дорга амр этилгани каби, Исони хочга буюради.
Михаил Булгаковнинг романида Исо Пилатнинг саволига жавоб беради: «Ҳозирги, шу ондаги ҳақиқат шундаки, сенинг бошинг оғрияпти, шу қадар қаттиқ оғрияптики, сен ожизлигингдан ўлим ҳақида ўйлаяпсан».
Ёдимизга Будданинг ҳақиқатнинг «азоб» орқали англаниши ҳақидаги фикри ва Рауф Парфининг «Абдулкарим Баҳриддин» деган шеъридаги «Изтироб – шоирнинг онаси, ахир» сатрлари келади.
Бизнинг бандалик ҳаётимизда ҳамма нарсага ҳам ҳақиқат, ростлик ёки ёлғонлик нуқтаи назаридан баҳо бериб бўлмайди. Масалан, тарихий ҳодисаларга ёки санъат асарига турлича қарашлар мавжуддир.
«Ҳақиқатни истайдиган ҳар қандай одам даҳшатли даражада кучлидир» – деб ёзади ўз кундаликларида Ф. Достоевский. Нега бундай, бир қарашда ҳақиқатни ҳамма истайди? Буюк ёзувчи, аслида, маънавий, руҳоний кўрликни назарда тутмоқда, чунки Исо Масиҳ айтган – «…Кўзларингиз бор – кўрмайсиз, қулоқларингиз бор – эшитмайсиз». Шу аснода Жалолиддин Румийнинг «Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил», деганлари ёдга тушади.
Жисмоний кўзларингиз очиқ, аммо қалб кўзларингиз юмилгандир, дунё ҳақиқатини англашга уринасиз, аммо дунё ҳақиқатини кўра олишга дил кўзингиз юмуқлиги имкон бермайди, азалий ҳақиқатни – Тангри таолонинг ҳақиқатини, ўлимни ва ундан кейиннинг ҳақиқатини, дунёнинг интиҳоси ва ибтидосини, қазойи қадарни, ҳисоб кунини англасангизгина бу дунёнинг ҳақиқати аёнлашади, бу дунёнинг қадри қанчалик экани у дунё билан ўлчанади ва унинг нархи арзон, ўзи ўткинчилиги маълум бўлади. Шунинг учун Бобораҳим Машраб «Дунёнинг кетига шапатилаб ўтдим», дейди. Машраб Достоевский айтган Ҳақнинг «ҳақиқатини истайдиган», шу туфайли «даҳшатли даражада кучли» бўлиб кетган инсон эди, шунинг учун у дорга тортилди.
Жорж Оруэллнинг қаҳрамони изидан биз ҳам саволни «ҳақиқат нима» деб тушунсак, хаёлимизга юқоридагилар ва яна шу каби минглаб фикрлар келади.
Албатта, бизда, жумладан, менда ҳам жамият, давлат, сўз ва тимсол, ҳаёт ва ўлим, муҳаббат, оила, азал ва абад каби бу оламнинг кўз тушган ва хаёлни банд этган барча унсурлари ва ҳодисалари ҳақида фикрлар кўп ва уларнинг менинг онгимда акс этган ҳақиқатлари ҳам бор. Ёдимга бир латифа келади. Бир одам хавфсизлик хизмати идорасига келиб, «Уйимда ўттиз йил турган, гапирадиган тўтиқушим йўқолиб қолди!», дебди. Идорада ундан «Тўтиқушинг йўқолган бўлса, полицияга бор, нега бизга келдинг?», деб сўрашибди. У эса шундай арз қилибди: «Олдиндан айтиб қўймоқчиман – мабодо у қўлга тушса, билиб қўйинглар, мен унинг гапларига қўшилмайман!»
Мен ҳам айтишим мумкин: «Менинг фикрларим бор, лекин мен уларга қаршиман!» Чунки айрим ҳақиқатларни айтиш, албатта, хавфлидир. Рауф Парфи айтгани каби, «Сиз ҳам бир куни Миллат ва Ватан ҳақиқатини англайсиз, ўшанда шодумон сўзлар ёзишни тўхтататасиз, қайғули ёза бошлайсиз, йиғлайсиз ва ўшанда мен сизга бу кўз ёшлари, бу изтироб муборак бўлсин дейман!»
Оруэллнинг қаҳрамони ҳамма нарса назоратда бўлган жамиятида «ҳақиқат нима?» деган савол сингари «инсон ким?», «нега дунёга келди?» ва «нима учун яшайди?» сингари саволлар устида бош қотирадики, бу саволлар устида минглаб йиллар мобайнида инсониятнинг асл ақллари бош қотириб келади, бу саволлар фалсафанинг бош саволларидир.
Одам нима деган саволни ашаддий тарзда кескин қўйган инсон Имом Ғаззолий эдилар: «Совуқ есанг – устингни ёпасан, қорнинг оч қолса – овқат топиб ейсан, ҳирсинг тошса, жуфтингни топиб, ҳирсингни қондирасан... Бу ишларни чаҳорполар – тўрт оёқли ҳайвонлар ҳам қилади. Сен инсонсан. Инсон бўлсанг, нега дунёга келдинг, нима учун яшаяпсан. Шуни бил, ўзингни сўроқла, ўзингни топ!» Ёки Навоий: «Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам?!» Ёхуд Нодирабегим: «Мақсад на эди жаҳона келдинг? Кайфиятингни баён этиб кет!» Буларнинг бари инсонликнинг фундаментал асосларидир. Инсоний қадр-қимматга соҳиблик, дилозорликдан ҳаё қилиш, ўзини топиш ва ҳақиқатини баён этиш, сўз эркинлиги...
«Ўз оғриғингни ҳис қилдингми – демак, тириксан, бировнинг оғриғини ҳис қилдингми – демак, инсонсан», деган авлиёлар. Демакки, ана шу шафиқлик, раҳмдиллик, ҳаё ва муҳаббат – инсоннинг белгиларидир, бешафқатлик, адоват, разолат ёввойи жониворликнинг белгиларидир.
Инсонни инсон қиладиган – унинг инсоний фитратидир, шафиқ ва раҳмли қалбидир. Инсонни инсон қиладиган нарса фикрлаши ва кўнгилчанлигидир, қалбсиз ва фикрсиз одамнинг ариқ бўйида ўсиб ётган қамишдан фарқи йўқ, деган эди Блэз Паскаль.
Сўз ва амалнинг бирлиги ҳам инсонликнинг бир таркибий қисмидир. Сўзнинг ҳаддан зиёд жозибалилиги ва унга амалнинг йўқлиги, сўз ва амал орасидаги жарликнинг юҳодай ҳувиллаб ётган дашти – замонамизнинг катта фожеасидир.
Жуда кўп эркин, зулмга итоат қилолмайдиган сўз аҳллари совет давлатидан эмиграцияга кетганларида, Анна Ахматова қувғину қатағонга учраса-да, мамлакатда қолган ва бир байтни ёзганди: «К счастью, я била там, где, к несчастью, мой народ страдал», яъни бахтсиз халқнинг ёнида бўлганим, бечоралар тарафидалигим бахтимдир. Эсимизга бу ўринда дарҳол Шавкат Раҳмоннинг «Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ», деган сатри тушади.
Ҳақиқий ижодкор халқининг аксарияти оғир аҳволда турганда, бахтиёрлик, шодумонлик ҳақида шеър ёзишга уялади, катта ё кичик адолатсизлик кўрса, бонг уради ва бу адолатсизликнинг жабрдийдалари томонида туради. Шу билан бирга Пушкин «Ҳукмдорга қарамлик билан халққа қарамликнинг ижодкор учун фарқи йўқ», деган. Агар ҳатто халқ ҳам оммавий адашиш йўлида бўлса, ижодкор ҳақиқат томонида бўлиши ҳамда халққа қарши ҳам ростини айтиши ва ёзиши керак.
Оруэллнинг қаҳрамони «икки карра икки тўртдир» дейиш учун, ростлик учун курашишга етилиб келади. Инсон учун энг зарур фазилат, менинг назаримда, ростгўйликдир. Ростгўйлик жасоратни талаб қилади. Ёлғон сўзлаш учун жасорат шарт эмас. Файласуфлар «Ёлғонни равон айтсанг, ўзини фош қилади», деганлар. Гап шундаки, ёлғон фош бўлмаслик учун турли-туман либосга бурканади, шунинг учун ёлғон қулоққа осон қуйилади ва кўпчиликка хуш ёқади. Рост сўз эса очиқ-ойдин бўлади, шунинг учун қаттиқ ботади. Аммо инсон ҳам, инсоният ҳам, миллат-у уммат ҳам рост сўзга кўникиши керак.
Рост гапириш инсоннинг бошқа инсонлар олдидаги биринчи мажбуриятидир. Ҳеч кимнинг бошқа бировни алдашга ҳаққи йўқ. Бировни алдаш, кўзни лўқ қилиб, ёлғон сўзлаш унга нисбатан ҳурматсизликдир. Умуман олганда, муайян одамни алдаганингизни билиб қолса, қаттиқ хафа бўлади: «Мени алдадинг, бола кўрдинг, бефаҳмга йўйдинг!», дейди. Зеро сўзланган ёлғон ёлғон сўзланаётган инсонга нисбатан ҳурматсизликдир. Бутун бир халққа ёлғон сўзлашни айтмаса ҳам бўлади. Бир кишига айтилган ёлғон кечирилмас экан, бутун бир халқни тинимсиз алдаш мумкинми?! Бу нафақат халққа нисбатан нописандлик, барчани қадр-қимматда тенг қилиб Яратганнинг қошида ҳам гуноҳдир. Зеро, муқаддас китобларда айтилганидай, Аллоҳ рост гапирганларни севади.
Ҳақиқат барибир ошкор бўлади. Кеча шўро тоталитаризми даврида айтилмаган гаплар бугун айтилмоқда, ошкор этилмоқда. Бугун айтилмаётган гаплар эртага айтилади. Авраам Линкольн айтганидай, «Бир ҳовуч муайян одамларни бир умр алдаб юриш мумкин, бутун халқни муайян вақт давомида алдаб юриш мумкин, аммо бутун халқни ҳамиша алдаб юришнинг иложи йўқ».
Ёлғон бир куни келиб фош бўлади, ҳақиқат эса фош бўлиш хавфидан ҳолидир, чунки у очиқдир. Ёлғон айтилган пайтида фойда келтириши мумкин, аммо перспективада – келажакда барибир аён зарар келтиради. Ҳақиқат эса айтилган пайти зарарли туюлиши, айтган одамнинг бошига калтак синдириши мумкин, аммо истиқболда барибир халққа ва жамиятга фойда келтиради.
Ёлғоннинг тагида тама ётади, ҳақиқат эса тамасиз айтилади. Зеро боболаримиз киноя билан: «Гапирганим учун кўп пушаймон бўлдим, аммо гапирмаганим, жим ўтирганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим», дея истеҳзо қилганлар.
Ёлғон лаганбардорликнинг воситасидир. Хушомад – тиз чўкиб қилинган ҳужум, эгилиб қилинган қароқчилик, дейдилар. Бир одам иккинчи одамни ёлғондан мақтар экан, унинг нимадандир таъмаси бор. У нимагадир эришмоқчи, ненидир олмоқчидир.
Ҳақиқат бекорга айтилиши мумкин, аммо ёлғон бекорга айтилмайди. Хушомад қилаётган одам мақталаётган одамга муҳтождир, мақталаётган одам эса унга муҳтож эмас. Шунинг учун хушомад энг аввало хушомад қилинаётган одамни ҳақорат қилади.
Жамиятда муносабатлар хушомадга қурилса, бу миллат учун жиддий фожиадир.
«Каттага гап қайтарма, бетгачопарлик қилма», деган насиҳатлар ҳали суяги қотмаган болага қилинганда, эҳтимол, тушунарлидир. Аммо у ўзини тутиб олган халқнинг ҳаёт тарзига айланмаслиги керак.
«Рост сўзни даб-дурустдан айтсанг, халқ издан чиқиб кетади. Тўполон бўлади. жанжал қўзғалади…», деган гаплар халққа нисбатан адолатсизликдир. Бу, биринчидан, халқни ўз фикрига эга бўлмаган, биров бир нарса деса, эргашиб кетаверадиган аморф бир гўдак сифатида фаҳмлашдан келиб чиқади. Иккинчидан, бунинг оқибатида халқни озод инсонларга хос ҳурфикрликдан мосуво этиш юртни орқага, таназзулга судрайди. Учинчидан, айнан рост сўзлаш, ростлик қўзғолиши мумкин бўлган жанжаллардан сақлайди. Зеро, тўполону фитна рост сўздан эмас, ҳамиша айнан ёлғон сўзларнинг, маккорлик ва айёрликнинг натижасида юзага келади.
Бугун рост сўз айтилмагани натижасида яширилган иллатлар эртага тўпланиб, йиғилиб, улканлашиб, катта бир буҳронни юзага келтирадики, унинг эртанги муқаррар зарбаси бугун рост сўз айтилса, келадиган зарбадан юз бор, минг бора даҳшатлидир. Муаммоларни орқага суриб, ўзини овутишдан кўра, уларни ошкор этиш ва эчишга киришиш керак. Тошчалар йиғилиб, бир куни тоғ ўлароқ эл бошига тушади.
Энди, ростини айтганда, ҳақиқатдан қўрқаман, дея ўзини ёлғон билан овутиш бир одам учун ҳам уятли бўлганидай, бутун бир жамият учун айниқса шармандаликдир. Тўғрисўзлик – одамнинг бошқа одам олдидаги, халқи ва миллати олидидаги бурчидир.
Бу фикрлар Жорж Оруэлл асари қўзғатган фикрларнинг бир парчасидир.
Карим Баҳриев
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)