Ўзбекистонда 8 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, янги аниқланган, коронавирус инфекциясини юқтириб олган 52 нафар бемор орасида «Равнақ банк»нинг Шайхонтоҳур филиали ходими борлиги ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Банк мазкур ҳолат бўйича маълумот берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, 8 июнь куни соат 10:00 да банк ходимида COVID-19 коронавирус инфекцияси мавжудлиги шубҳа қилинган. Айни пайтда мазкур ходим тиббий назорат остида ва банкнинг бошқа барча ходимлари ҳам коронавирус инфекциясига текширилмоқда.

Қайд этилишича, текширув натижалари аниқланмагунча, банк вақтинча мижозларни қабул қилишни тўхтатади, аммо ўз ишини онлайн равишда давом эттиради.

Банк ушбу ҳолат унинг фаолиятига таъсир этмаслигига ишонч билдирган ва тез орада карантин талабларига риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатишда давом этишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Ўзбекистонда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш бўйича аниқланаётган янги ҳолатлар сони кўпаймоқда. Хусусан, 8 июннинг ўзида Наманганда аҳоли орасида 1 кишида касаллик аниқланган. Бундан ташқари, Навоий ва Тошкентда ҳам аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилган.

7 июнь куни эса Тошкент шаҳрида 195 кишида, Ўзбекистон бўйича эса 237 кишида коронавирус аниқланди ва пандемия бошидан буён мамлакатдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди.