Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 12 нафар, Бухоро вилоятида 8 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар ҳамда Самарқанд вилоятида 1 нафар, жами 24 нафар бемор коронавирус инфекциясидан тузалди ва реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилган.

Шу тариқа соғайганлар сони Тошкент шаҳрида 1468, Бухоро вилоятида 450, Навоий вилоятида 114 ҳамда Самарқанд вилоятида 319 нафарга етди.

2020 йил 7 июнь ҳолатига кўра, бир сутка давомида 86 нафар бемор COVID-19’дан тузалиб, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганларнинг умумий сони 3354 нафарни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 7 июнь соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони 4302 нафарга етган, тузалган ва вафот этганлардан ташқари жами 931 нафар бемор даволанмоқда.

15 мартдан буён Ўзбекистонда жами 17 нафар бемор коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Аввал Тошкентда 19 соатда 185 кишида коронавирус аниқланди. Бу — мисли кўрилмаган рекорд кўрсаткич экани, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони саккиз соатда 121 кишига кўпайгани ва янги касалланганларнинг 98 нафари Тошкент шаҳрида яшайдиган аҳолилиги ҳақида хабарлар берилган.