Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 70 ёшли Ш. исмли эркак 27 май куни йўл-транспорт ҳодисасига учраб, тез тиббий ёрдам машинасида бош мия ёпиқ жароҳати дастлабки ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
Ўша пайтда унда тана ҳароратининг юқорилиги ва коронавирус аломатлари кўринганлиги сабабли таҳлил олинади. Ўтказилган текширув натижасида беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланади. Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, бемор аввалдан бош мия ўсмаси, юрак ишемик ва гипертония касаллиги, гепатит, пневмония, сурункали юрак, буйрак ва жигар етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.
«Сўнгги кунларда беморда нафас етишмовчилигининг кучайиши натижасида аҳволи кескин ёмонлашган ва сунъий нафас олдириш аппаратига олинган. Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамай, бемор мия шиши, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан 6 июнь куни вафот этган», — дейилади ССВ ахборотида.
Бу фуқаро коронавируснинг Ўзбекистондаги 17-қурбони бўлди.