Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчасида жойлашган Mediapark савдо мажмуасининг яна икки нафар ходимида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Хабар беришларича, ушбу икки ходимнинг коронавирус инфекциясини юқтириб олгани 6 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра тасдиқланган. Айни шу ватқда Тошкент шаҳрида аҳоли орасида уч кишида коронавирус аниқлангани маълум қилинган эди. ССВ ахборотига кўра, ушбу ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув давом этмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида яшовчи, Қоратошдаги Mediapark’да қўриқчи бўлиб ишловчи фуқарода 4 июнь куни коронавирус инфекцияси тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди. Унда тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, қуруқ йўтал ва томоқда оғриқ безовта қилиши каби белгилар бўлишига қарамай, у ўзини уй шароитида турли антибиотиклар билан даволашга уринган.
Эслатиб ўтамиз, 6 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 4064 нафарни ташкил этмоқда; беморларнинг 3247 нафари соғайган, 16 нафари вафот этган.