Ўзбекистонда 4 июнь давомида коронавирус аниқланган 96 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, уларнинг тўрт нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари Тошкент вилоятидан, саккиз нафари Навоий вилоятидан.

Навоий ва Тошкент вилоятида аҳоли орасида аниқланган коронавирус

Хабар беришларича, Навоий вилоятининг маъмурий маркази Навоий шаҳрида олти нафар, Навбаҳор ва Кармана туманларида эса бир нафардан коронавирусга чалинган бемор бевосита аҳоли орасида тасдиқланган.

Тошкент вилоятидаги касалланиш ҳолати эса Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Mediapark’да қўриқчи бўлиб ишловчи фуқарода аниқланган. «Уни тана ҳароратини кўтарилиши, ҳолсизлик, қуруқ йўтал ва томоқда оғриқ безовта қилган. Инфекция аниқланган ушбу бемор ҳам уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган», — дейилади ССВ хабарида.

Тошкент шаҳридаги касалланиш ҳолатлари ҳақида

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида вақтинча яшовчи фуқарода тана ҳарорати кўтарилган, томоқда оғриқ безовта қилган. У текширувдан ўтказилганда коронавирусга чалингани маълум бўлган.

Шу туманда жойлашган қурилиш фирмасининг ходимида ҳам ишга келиш учун таҳлил ўтказилганда коронавирус аниқланган.

Миробод туманида яшовчи, нафақадаги фуқаро юқори қон босими билан тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган ва текширилганда унда ҳам коронавирус тасдиқланган.

Бундан ташқари, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода тана ҳароратининг кўтарилиши ва томоқда оғриқ безовта қилган. У уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган.

«Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилиб, тегишли қатъий чоралар кўрилмоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида. Ушбу касалланиш ҳолатларининг занжири, касаллик аниқланганидан сўнг неча киши карантинга олингани ҳақида маълумот берилмаган.