Навоийда Сув хўжалиги вазирлигига тегишли сув қувурларини ўғирлаб кетган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
Хабарга кўра, 2020 йилнинг март ойида номаълум шахслар томонидан Учқудуқ тумани «Боздун» ОФЙ чўл ҳудудида бўлган Сув хўжалиги вазирлиги Зарафшон ирригация ва энергетика бошқармасига тегишли жами нархи 102 миллион 250 минг сўмлик диаметри 273 миллиметр бўлган 300 метр қувурлар қазиб олиниб, ўғирлаб кетилган.
Тергов тезкор тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни 39 ёшли Ш.Ж., 33 ёшли Ш.О., 32 ёшли Э.Т., 34 ёшли Б.Р. ва Ф.Қ.лар ўзаро жиноий тил бириктириб содир этганлиги аниқланган. Жиноий гуруҳ вакиллари ИИБ ходимлари томонидан ушланган ҳамда ўғирлаб кетилган қувурлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учқудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Кўп миқдорда содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ш.Ж., Ш.О., Э.Т., Б.Р. ва Ф.Қ.лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)