Jay Leno’S Garage шоусининг янги қисмида бошловчи Жей Лено Илон Маск билан учрашиб, Tesla Cybertruck электропикапида сайр қилди. Улар биргаликда Лос-Анжелесда қурилган ерости туннели бўйлаб ҳаракатланишди, деб хабар беради Motor.

Кадр: YouTube

Видео электропикап дизайнини муҳокама қилишдан бошланади. Бошловчининг фикрича, Cybertruck нафaқат бошқа пикапларга ўхшамайди, балки компаниянинг қолган барча моделларидан ҳам фарқ қилади. Tesla дизайнери Франц дон Холсхаузен Cybertruck юкхонасининг эшигини кўрсатар экан, Илон Маск унинг устига чиқиб, конструкция мустаҳкамлигини намойиш этади.

Туннелга етиб боргунга қадар Tesla раҳбари Cybertruck’ни серияли ишлаб чиқариш жараёнида унинг шу дизайни ва ўқ ўтказмайдиган хусусияти сақлаб қолинишини маълум қилган. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, электропикап оддий гаражга сиға олиши учун унинг ўлчамларини беш фоизга кичрайтириш керак.

Улкан ўлчамига қарамай, Cybertruck туннелга кира олган ва унинг охирига ҳеч қандай муаммосиз етиб борган. Шундан сўнг, у махсус платформа ёрдамида юқорига кўтарилган.

Tesla Cybertruck моделининг илк сериялари 2021 йил охири бориб ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Электропикапнинг минимал нархи 39 990 доллар.