Тожикистонда COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 2551 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берган.

Фото: «Моh.tj»

«22 май ҳолатига кўра, Тожикистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 201 та янги ҳолат қайд этилган, мамлакатда инфекцияга чалинган беморларнинг умумий сони 2551 нафарга етган, бир сутка давомида касалликдан вафот этиш ҳолатлари кузатилмаган», – дейилади вазирлик хабарида.

Айни вақтда мамлакатда 3151 киши шифокорлар назорати остида бўлиб турибди, охирги сутка давомида 1089 киши касалликдан соғайган.

Тожикистон ҳукумати ва соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус профилактикаси ва уни даволаш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.

21 май ҳолатига кўра Тожикистонда 3 киши коронавирус сабаб вафот этгани ва касаллик қурбонлари сони 44 нафарни ташкил қилаётгани ҳақида хабар берилганди. Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида коронавирусдан қайд этилаётган ўлим кўрсаткичи энг юқори бўлган ҳудудга айланган.

Аввал ўзбекистонлик шифокорлар гуруҳининг Тожикистонда 14 кун бўлиб қайтгани ва у ерда мастер-класслар, семинарлар ва яна бошқа тажриба алмашиш тадбирлари ўтказилгани, 8 нафар тиббиёт ходими Тошкентда кутиб олингани хабар қилинганди.