Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида 14 май куни одам ўлими билан якунланган ЙТҲ юз берди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
Ҳодиса соат 11:15 ларда Узуннова қишлоғидан ўтувчи А-380 Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу автомобиль йўлининг 60-километрида юз берган. Спиртли ичимлик истеъмол қилган 1975 йилда туғилган Б.Я. (эркак) Car Wash номли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасидан «Паз 3742» русумли транспорт воситасини орқага ҳаракатлантириб, асосий йўлга чиққан. Фургон ҳайдовчиси йўл четида такси тўхтатиш мақсадида турган 1995 йилда туғилган Д.Р.ни кўрмай қолиб уриб юборган.
25 ёшли йигит оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Қарши туман ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Жорий ҳафта мобайнида Ўзбекистонда одам ўлими билан якунланган бир нечта ЙТҲ содир бўлди. 11 май куни Сурхондарёнинг Шўрчи туманида Lacetti мотороллерга урилиши оқибатида 38 ёшли мотороллер ҳайдовчиси, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида Isuzu автобуси велосипедчини уриб юбориши оқибатида 33 ёшли велосипедчи, 12 май куни Бухоронинг Ромитан туманида трактор тиркамаси ағдарилиб кетиши оқибатида 33, 34 ва 38 ёшли аёллар, Хоразмнинг Янгибозор туманида Matiz уриб юбориши оқибатида 4 ёшли бола, 13 май куни Андижоннинг Булоқбоши туманида «Камаз» уриб юбориши оқибатида 30 ёшли велосипедчи, Қашқадарёда Nexia дарахтга урилиши оқибатида 57 ёшли йўловчи, Хоразмнинг Урганч шаҳрида Cobalt ва Spark тўқнашуви оқибатида 23 ёшли ҳайдовчи вафот этди.
Изоҳ (0)