Россияда сўнгги бир суткада 9974 кишида коронавирус қайд этилди. Шу тариқа, 2 майдан буён янги касалланганларнинг суткалик кўрсаткичи биринчи марта 10 минг кишидан камайди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Россияда касалланганларнинг умумий сони 252 245 кишига етган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич бўйича Россия дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди. Испания Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларини ҳисобга оладиган Worldometer статистик портали Россияни АҚШ ва Испаниядан кейин учинчи ўринга жойлаштирган.
Сўнгги бир суткада Россияда 5527 киши касалликдан тузалган, тузалганларнинг умумий сони эса 53 530 нафарга етган. Мамлакатда касаллик оқибатида вафот этганлар сони 2305 кишига етган, сўнгги бир суткада 93 та ўлим рўйхатга олинган.
Янги ҳолатларнинг энг кўпи Москва шаҳрида (4217 та) ва Москва вилоятида (918 та) қайд этилган.
Мамлакатнинг яна учта ҳудудида янги касалланганлар сони 100 кишидан ошган. Булар Санкт-Петербург шаҳри (460 киши), Нижегород (238 киши) ва Иванов (102 киши) вилоятлари бўлган. Ненец автоном округи сўнгги бир суткада бирорта ҳам янги ҳолат қайд этилмаган ягона ҳудуд бўлган.
Аввалроқ коронавирусга чалинган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга икки томонлама пневмония ташхиси қўйилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)