13 май куни соат 17:15 дан 21:30 га қадар Бўстонлиқ тумани тоғолди ҳудудларида кучли ёмғир ва сел келиши кузатилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Натижада тумандаги «Қорамозор» МФЙ ҳудудидаги ички йўлида сел келиши, Паркент канали ПК-54 қисмига сув тўпланиб тошиши, «Думалоқ», «Товоқсой», «Хондайлиқ», «Искандар», «Қўшқўрғон» МФЙ ички кўчалари ва бир нечта аҳоли хонадонларига ёғингарчилик сувлари тўпланиши кузатилганлиги айтилмоқда.
Сел келиши вақтида бартараф этилган. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳимоя тадбирлари мақсадида жами 189 нафар ишчи ходим, 26 та муҳандислик техникалари жалб этилди. Таъкидланишича, вилоят ФВБ томонидан 14 та махсус техника ва 44 та қутқарувчи юборилган.
«Сел келиши оқибатида аҳоли орасида тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган», — дейилади ҳокимият матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Зарафшондаги сел оқибатида камида 300 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган ва интернетда ушбу ҳодисанинг видеоси тарқалганди.
Изоҳ (0)