Кучли сув оқими сабаб вайронага айланган уйлар, қўлдан келганча ўз мулкини сақлаб қолишга уринаётган одамлар... Автомобиль томига тирмашиб олганларга зудлик билан ёрдам берилмаса, сув остида қолиши мумкин. Ҳайвонлар ҳам ҳайдаб кетилди, бироқ уларнинг кўпчилиги нобуд бўлди. Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани аҳолиси Сардоба сув омбори тўғонида содир бўлган техноген фалокат оқибатида нималарни бошдан кечиргани ҳақида сўзлаб берди, деб хабар қилади Tengrinews.

Фото: Tengrinews

Галимжон Еримбетов 12 йилдан бери Мақтаарал ўт ўчириш хизматида ишлайди. Унинг сўзларига кўра, 2 майга ўтар кечаси Жанатурмис ва Женис посёлкалари сув остида қолиши мумкинлиги ҳақида хабар келиб тушган.

«Бизга сув улар томонга бораётганини айтишди. Ярим соатдан сўнг биз ўша ерда эдик ва аҳолига уйларини тарк этиши учун ёрдамлашдик. Ушбу посёлкаларда 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қиларди. Машинаси борлар ўзлари кетди. Қолганларга биз — 12 нафар ходим ёрдам кўрсатдик. Ўзимизнинг шахсий ва хизмат автомобилларимиз билан одамларни аҳоли пунктидан узоқроққа олиб кета бошладик. Биринчи навбатда одамларга ёрдам кўрсатдик, кейин чорва молларини олиб келиш учун қайтдик», — дейди ўт ўчирувчи.

Еримбетовнинг сўзларига кўра, сув тонгги соат 04:00 ларда яқинлаша бошлаган. Бу вақтда эса барча аҳоли эвакуация қилиб бўлинган, чорва моллари ҳам деярли бошқа жойга ташилган.

Фото: Tengrinews

«Шунингдек, учинчи маротаба келиб, одамларнинг шахсий буюмлари, кийим-кечаклари ва қўлдан келганча майда-чуйда нарсаларини олиб қайтишга улгурдик. Шундан сўнг сув етиб келди ва посёлка унинг остида қолди. Шунга қарамай биз хизматни тўхтатмасдан, у ердаги ишларни давом эттирдик. Умримда биринчи бор уйлар худди қартадан қурилгандек қулашини кўрдим. Биринчи бор бир неча сония қотиб, кўрганларимдан шокка тушдим. Ҳаммаси кинодагидек эди. Уйлар бирин-кетин қулар эди.

Битта машинадан бошқа ҳамма хавфсиз жойга боришга улгурди. Унинг ичида икки нафар ҳамкасбим ва маҳаллий фуқаро бор эди. Сув сабаб автомобиль ўчиб қолди, улар машина томига чиқиб олиб, ёрдам кутишга мажбур бўлди. Кейинроқ биз қайтиб келдик. Яхшиямки сув машина баландлигидан ошмагани», — дейди Еримбетов.

Фото: Tengrinews

Фото: Tengrinews

Фото: Tengrinews

«4 май куни эрталаб Жантаксай қишлоғининг 45 ёшли фуқароси 19 ва 15 ёшли икки ўғли билан йўқолган чорвасини қидириш учун чиққани ҳақида хабар келиб тушди. Бироқ қидирув натижасида уларнинг ўзи йўқолиб қолиб, ортга қайта олмаган. Биз уларни қидиришга киришдик. Икки соат давом этган қидирув ишларидан кейин уларни Ўзбекистон билан чегарадош ҳудуддан топиб, қишлоққа қайтариб олиб келдик», — дейди мақтаараллик ўт ўчирувчи.

Фото: Tengrinews

Фото: Tengrinews

Мақтаарал туманида содир бўлган фавқулодда ҳолатни бартараф этиш учун қутқарувчилар, ҳарбий хизматчилар, полиция, ҳокимият вакиллари ва кўнгиллилар жалб этилган. Галимжон Еримбетовнинг сўзларига кўра, ёрдам бериш учун Жамбил ва Қизилўрда вилоятларидан, шунингдек, Чимкентдан ёрдам кучлари келган. Бундан ташқари, Ўзбекистондан 200 дан ортиқ ФВВ ходими ва 40 га яқин техника етиб келган.

Фото: Tengrinews

Есимжон Нодиров 14 йилдан буён полиция сафида хизмат қилиб келади. Ҳозирда у Жетисай тумани полиция бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари. У ҳам фалокатнинг дастлабки кунларида воқеа марказида бўлган.

«2 майга ўтар кечаси уйда ухлаётган эдим. Кечаси тревога сигнали келиб тушди ва бутун шахсий таркибни оёққа турғазди. Туманимизнинг 100 дан ортиқ ходими эвакуация ишларида ёрдам кўрсатиш мақсадида Женис ва Жанатурмис аҳоли пунктларига йўналтирилди. Мақтаарал туманидаги ҳамкасбларимизга ёрдам бера бошладик. Одамларни, чорва молларини ва шахсий буюмларни ташишга киришдик. Вазият барқарорлашгач, мазкур посёлкалардан бизни Фирдавсий аҳоли пунктига юборишди», — дейди полициячи.

Фото: Tengrinews

«Фирдавсийга келиб, атрофни кўздан кечира бошладик. Диққатимизни сув остида қолган маҳаллий мактаб тортди. Мактаб ҳовлисида Қозоғистон байроғи ётарди. Биз мамлакатимиз миллий рамзини ўзимиз билан олиб кетдик. У ерда ётиши керак эмас. Кейинроқ байроқни Жетисойга топширдик», — дейди Есимжон Нодиров.

Полициячининг сўзларига кўра, айни вақтда унинг ҳамкасблари Женис посёлкасини ўраб олган бўлиб, аҳоли пунктига фуқароларнинг киришига йўл қўймаяпти.

«Одамлар ўз буюмларини олиш учун қайтмоқчи. Бироқ бу жуда хавфли. Шунингдек, биз бу ерда ўғрилик содир бўлмаслиги учун турибмиз. Кечаю кундуз посёлкани қўриқлаяпмиз. Бу ерда 30 га яқин полициячи қолган. Одамларни тинчлик сақлаб, ваҳимага берилмасликка чақирмоқдамиз. Давлат томонидан фалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича барча чоралар кўрилаётгани ва жабрланганларга ёрдам кўрсатилишини тушунтиряпмиз», — дейди Нодиров.

Сув тошқини оқибатларини бартараф этишга жами 1300 дан ортиқ одам ва 300 дан ортиқ техника, хусусан, сузиш воситалари ва сувни чиқариб ташлашга мўлжалланган мотопомпалар жалб этилган. Жамоат тартибини сақлаш учун Мақтаарал тумани ҳудудига саккизта блокпост ўрнатилган. Полиция ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари фуқароларнинг мол-мулкини кечаю кундуз қўриқламоқда.

Фото: Tengrinews

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонларидан бири ёрилиб кетган эди. Вилоятдаги бир неча қишлоқ, шу жумладан, Қозоғистон жанубидаги ҳудуд ҳам сув остида қолди. Икки мамлакатда умумий ҳисобда 120 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сардобадаги техноген офат туфайли Қозоғистоннинг жанубий қисмидаги ҳудудлар ҳам зарар кўргани, Ўзбекистон ҳукумати мазкур офат оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшни давлат билан яқиндан ҳамкорлик қилишини айтиб ўтганди.