Сардобада рўй берган фожиада жабрланган аҳолига ёрдам бериш мақсадида Президент Халқ қабулхоналари хайрли ишга қўл урди. Бу ҳақда «Дарё»га Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Президент Халқ қабулхонаси томонидан бир неча юк автомашиналарида жами 50 миллион сўмдан зиёд кундалик рўзғор учун зарур бўлган маҳсулотлар, иссиқ кийим-кечаклар, рўзғор буюмлари, гигиеник воситалар, бадиий китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат «Саховат карвони» Сирдарё вилоятига етказилган.
Шу билан бир қаторда, Президент Халқ қабулхоналари ходимлари Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари каби бир қатор идора вакиллари билан ҳамкорликда талаб этилган жойларда қурилиш-таъмирлаш ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Юздан зиёд хонадонга керакли бўлган қурилиш маҳсулотларини етказиб, қурувчи мутахассислар билан биргаликда меҳнат қилмоқда.
«Сардобаликларнинг тез орада яна ҳаётларини ўз изига тушириб олишига ишонамиз. Бунинг учун эса Президент Халқ қабулхоналари бир зумга бўлса ҳам ўз шижоатларини, меҳнатларини сусайтирмайди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)