Германиянинг Schawe Car Design устахонаси Mercedes-Benz V-класс асосида ажойиб бизнес-венни яратди. Машина модели тўлиқ ўзгартирилган: юқори қулайликдан тўрт нафар бизнесмен баҳраманд бўлиши мумкин, салон ичи Bentley чарми ва алкантара билан қопланган, деб хабар беради Motor.
Лойиҳа асосини АМG пакети ва 19 дюймли ғилдирак дискаларига эга Mercedes-Benz V 250 ташкил этади. Ўриндиқлар сони ҳайдовчиники билан бирга олти кишига мўлжалланган бўлиб, марказдан тўрт нафар VIP йўловчи учун жой яратилган.
Бизнес-жет тўрт киши учун музокара пунктига айланиши мумкин: иккинчи ва учинчи қаторлар юзма-юз жойлаштирилган бўлиб, барча йўловчиларга Nappa чармидан қопланган мултиконтур ўриндиқлар ва вентиляция, алоҳида иқлим зонаси мавжуд.
Ўриндиқлар Mercedes-Benz қора чарми, шифт ва ён томонлар эса Bentley чарми ва алкантара билан қопланган. Ушбу материаллар диод полихроматик ёритгичлари билан уйғунлик ҳосил қилади, салоннинг юқори қисмида эса «совуқ» оқ лампа нур сочади.
Эшикнинг қарама-қарши тарафидан кичик стол ўрин олган бўлиб, ўриндиқларнинг тирсак қўядиган жойида iPad планшетлари жойлашган, шифтга эса кенг ўлчамли монитор ўрнатилган.
Минивен 190 от кучига эга 2,1 литрли V 250 d турбодизель двигатели ёрдамида ҳаракатга келади. Қайта ишланган V-класс’нинг нархи ҳозирча ошкор қилинмади.
Изоҳ (0)