Россия бош вазири Михаил Мишустинда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилди.

Россия бош вазири Михаил Мишустин.

Фото: «ТАСС»

Хабарларга кўра, Мишустин топширган таҳлилда COVID-19 борлиги аниқланган. У 39 даража иситма билан касалхонага ётқизилган.

Мишустин бетоблиги вақтида Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари лавозимини вақтинча бажарувчи этиб бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов тайинланиши кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазирнинг ўзи президент Владимир Путинга таклиф киритган. Яқин вақт ичида бу ҳақда президент фармони имзоланиши кутилмоқда.

Мишустин бутун дунёда коронавирусга чалинган биринчи бош вазир эмас, ундан аввал март охирларида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон COVID-19’ни юқтириб олган ва апрель охирида касалликдан тузалганди.

30 апрель ҳолатига кўра, Россиянинг 85 та федерал ҳудудида COVID-19’га чалинганлар сони 106 минг нафардан ошган — бу эпидемия бошланганидан бери кузатилган рекорд кўрсаткичлар ҳисобланади. Охирги бир сутка ичида 7099 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган ва 101 нафар бемор вафот этган. Эпидемия бошланганидан бери 11 619 нафар бемор касалликдан тузалган, вафот этганлар сони эса минг нафардан ошиб кетган.