Кеча, 29 апрель куни, соат 19:30 дан 21:00 гача давом этган кучли шамол оқибатида Фарғона вилоятининг кўплаб ҳудудларида юқори кучланишли электр тармоқларида аварияли узилишлар кузатилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.

Таъкидланишича, юқори кучланишли электр тармоқларидаги подстанцияларда аварияга қарши автоматик тизим ишга тушиши натижасида электр таъминотининг фавқулодда ўчиш ҳолати юз берган.

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ахборот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, вилоятнинг Бешариқ, Фурқат, Бувайда, Учкўприк туманларида ҳамда Марғилон, Қувасой, Қўқон шаҳарларининг айрим ҳудудларида ноқулай об-ҳаво шароити сабаб 6—10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқларида аварияли узилишлар вужудга келган.

«Дарё» мухбирининг қўшимча қилишича, Қўштепа, Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Бувайда, Учкўприк, Фурқат ва Бешариқ туманларида кеча 12 соат давомида электр токи бўлмаган.

Бироқ масъул ташкилот тасарруфидаги барча подстанциялар ҳамда ҳаво линияларига хизмат кўрсатувчи техник-муҳандислар кучайтирилган тартибда хизмат қилаётганини таъкидланган. Навбатчилар сафига қўшимча бригадалар жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти кучли шамолдан сўнг электр таъминотида энг катта талафот кўрган ҳудуд бўлди. Бухорода 27 апрель шамолидан сўнг Қоракўл ва Олот туманлари билан алоқа узилиб қолди. Айнан электр симларининг узилиб тушиши бир кишининг умрига зомин бўлди.